Нью-Йоркда Трампнинг бизнеси тақиқланиши мумкин
Олам
−
06 Январь
3581Нью-Йорк штати бош прокурори Летиция Жеймс суддан Trump Organization активлари билан боғлиқ фирибгарлик иши бўйича АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампдан 370 миллион доллар ундиришни талаб қилди. Бу ҳақда ABC телеканали хабар берди.
Прокуратура Трамп ўз активларининг ошиб кетган қиймати туфайли қўлга киритган даромадларини айнан шунча эканини ҳисоблаган. Бундан ташқари, Жеймс суддан Трамп ва Trump Organization’нинг икки собиқ ходими Аллен Вайссельберг ва Жеффри Макконини Нью-Йорк штатида кўчмас мулк соҳасида фаолият юритишини умрбод тақиқлашни сўрамоқда.
Қайд этиш жоизки, Нью-Йорк прокуратураси 2022 йил сентябрда Трамп ва унинг компаниясига қарши фуқаровий фирибгарлик бўйича судга мурожаат қилган. Жеймснинг сўзларига кўра, компания кредитлар ва суғурта бўйича янада қулайроқ шартларни олиш учун активлар қиймати ҳақида нотўғри маълумот берган. Прокурорларга кўра, активлар қиймати 2,23 миллиард долларга оширилиб, 3,6 миллиард долларга етказилган. Хусусан, Трампнинг Флоридадаги мулки, Манхеттендаги “Trump Tower” осмонўпар биносидаги квартиралари, бир нечта офис бинолари ва гольф майдонлари нархи оширилган. Трампнинг ҳимоя жамоаси бу айбловлар асоссиз эканини ва мулк нархи турли сабабларга кўра вақт ўтиши билан ўзгарган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасидаги демократлар Дональд Трампни давлат раҳбари сифатидаги фаолияти давомида хорижий ҳукуматлардан 7,8 миллион доллардан кўпроқ маблағ олганликда айблаганди.
LiveБарчаси