Трамп хорижий ҳукуматлардан пул олишда айбланяпти
Олам
−
05 Январь
4609АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси собиқ президент Дональд Трампни давлат раҳбари сифатидаги фаолияти давомида хорижий ҳукуматлардан 7,8 миллион доллардан кўпроқ маблағ олганликда айблади. Бу ҳақда Вакиллар палатасидаги демократларнинг Назорат ва жавобгарлик қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.
Қайд этилишича, маблағнинг катта қисми Хитой ҳукумати ва унинг давлат корхоналаридан, қолгани эса Саудия Арабистони, Қувайт ва Қатар каби бошқа 19 давлат ҳиссасига тўғри келади.
“Қўмита томонидан қўлга киритилган чекланган маълумотлар шуни кўрсатадики, Дональд Трамп президентлик пайтида Хитой ҳукумати ва давлат корхоналаридан 5,5 миллион доллардан кўпроқ, шунингдек, 19 та бошқа хорижий ҳукуматлардан, жумладан Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ва бошқа давлатлардан миллионлаб доллар олган”, дейилади матнда.
156 саҳифалик ҳисоботда Трамп бир неча бор АҚШ Конституциясини бузганликда айбланган. Ушбу тўловлар Конституциянинг мукофотлар тўғрисидаги бандига зиддир. Қўшма Штатлар асосий қонунининг ушбу қоидаси федерал амалдорларга чет эл ҳукуматидан совға ёки бошқа ҳар қандай қимматли нарсани Конгресс рухсатисиз олишни тақиқлайди.
Маълумот учун, 2023 йил ёзида Трампга бир қанча жиноий ишлар, жумладан, 2021 йил январида Капитолийга бостириб киришга уриниш, 2020 йилги сайловларга аралашиш ва Мара-Лагодаги мулкида махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш билан боғлиқ ишлар бўйича айблов қўйилган. Сиёсатчининг ўзи барча ҳолатларда ўз айбини инкор этиб, унга қарши ўтказилаётган терговларни амалдаги Президент Жо Байден маъмурияти томонидан сиёсий таъқиб деб ҳисоблайди.