Нью-Орлеандаги теракт ташкилотчиси ҳужумдан олдин шаҳарга икки марта келган – ФҚБ

Олам

image
Мирзиёев Байденга таъзия мактуби йўллади north_east

Мирзиёев Байденга таъзия мактуби йўллади

Янги йил арафасида АҚШнинг Луизиана штатидаги Нью-Орлеан шаҳри марказида машинада байрамни нишонлаётган оломонни босиб кетган одам 2024 йил октябрь ва ноябрь ойларида шаҳарга бориб, француз кварталида ақлли кўзойнак ёрдамида видео ёзиб олган. Бу ҳақда кеча, 5 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) директори ёрдамчиси ўринбосари Кристофер Райа маълум қилди.

“Терговнинг барча тафсилотлари ва ҳозирда бизда бўлган далиллар Жаббор (АҚШ фуқароси Шамсуд Дин) бу ерда, Нью-Орлеанда ёлғиз ўзи ҳаракат қилганини тасдиқлайди. Биз Қўшма Штатларда у билан ҳамкорликка алоқадор бўлган ҳеч қандай аломатни кўрмадик, аммо АҚШда ва хорижда мумкин бўлган шерикларни қидиришда давом этамиз”, деди Райа.

Федерал қидирув бюросининг таъкидлашича, жиноятчи деб тахмин қилинган шахс 2023 йил ёзида Қоҳирага борган ва Мисрга сафаридан бир неча кун ўтиб Канаданинг Онтарио провинциясига кетган. Ҳозирча бу ҳаракатлар ва Нью-Орлеандаги ҳужум ўртасида алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмади. Ҳужумдан бир неча соат олдин, эҳтимолий ҳужумчи интернетда жойлаштирилган видеоларда ИШИД террор гуруҳини қўллаб-қувватлаётганини эълон қилган.

АҚШ Президенти Жо Байден ва унинг рафиқаси Жилл “фожиали ҳужумдан жабрланган оилалар ва жамият аъзоларининг қайғусига шерик бўлиш” учун бугун, 6 январь куни Нью-Орлеанга боришни режалаштирмоқда.

Янги йил арафасида Нью-Орлеандаги теракт

Фожиа 1 январь куни эрталаб соат 3:15 атрофида Нью-Орлеан шаҳри марказидаги тарихий француз кварталида юз берди. У ерда сайёҳлар орасида машҳур бўлган кўплаб мусиқа барлари мавжуд. Эркак муассасалар яқинидаги кўчада Янги йилни нишонлаётган одамларни машинада босиб кетди.

Гувоҳларнинг маълум қилишича, ҳайдовчи катта тезликда Бурбон кўчасидаги оломон устига борган ва кейин машина ичидан ўқ отишни бошлаган. Полиция жавоб қайтарди. Ҳужум қилган шахс оқ рангли Ford пикапида бўлган.

14 киши ҳужум қурбони бўлди. Қуролланган шахс полициячиларга қарата ўқ узган ва уларнинг икки нафарини яралади. У жавоб ўқидан ўлдирилди.

CNN телеканали икки терговчига таяниб, камуфляж формасида 42 ёшли эркак ИШИД байроғини кўтариб юрганини хабар қилди. ФҚБ ҳужумни фуқаро, собиқ АҚШ аскари Шамсуд Дин Жаббор томонидан амалга оширилганини айтди. ФҚБ матбуот котиби Алетеа Дунканнинг маълум қилишича, машинада иккита қўлбола портловчи қурилма топилган ва кейинчалик зарарсизлантирилган.

ИШИД ҳодиса учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмади. Президент Жо Байден ФҚБ “бу ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида текшираётганини” тасдиқлади.

"Ҳеч қандай зўравонлик учун асос йўқ ва биз мамлакатимизнинг ҳеч бир шаҳрига ҳужумларга тоқат қилмаймиз", дея қўшимча қилди Байден.


Мақола муаллифи

Теглар

Нью-Орлеан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг