Мюнхен аэропорти номаълум дронлар сабабли ёпилди

Олам

image

Кеча, 2 октябрь куни кечқурун Германия ҳаво ҳаракати бошқармаси Мюнхен аэропортида парвозларни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Маҳаллий вақт билан 22:18 да жорий қилинган чекловлар оқибатида 17 та рейс бекор қилинган, бу деярли 3 минг йўловчига таъсир қилган. Яна 15 та самолёт Штутгарт, Нюрнберг, Вена ва Франкфурт аэропортларига йўналтирилган. Нашрнинг ёзишича, парвозлар бугун, 3 октябрь кунидан бошлаб қайта тикланади.

Полиция маълумотига кўра, дронлар аэропорт ҳудуди ҳамда яқин атрофдаги Эрдинг ва Фрейзинг шаҳарларида 21:30 дан ярим кечагача учиб юргани аниқланган. Ҳозирда учувчисиз учоқлар ва уларни учирган шахсларни аниқлаш учун тергов ишлари бошланган, қидирувга вертолёт ҳам жалб этилган. Ҳозирча дронларнинг кимга тегишли экани номаълум.

Сўнгги кунларда Европанинг бир қанча шаҳарларида ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар кузатилган – Вильнюс ва Копенгаген аэропортлари яқинида, Дания ҳарбий объектлари устида ҳамда Норвегия ҳудудида дронлар пайдо бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинага зарба беришда қўлланилган Россия дрони Руминия ҳаво ҳудудига кирганди. Бу воқеа Россия дронлари Польша ҳаво ҳудудини бузгани ва уларни поляк қирувчи самолётлари томонидан уриб туширилганидан кейин рўй берди. Шундан сўнг, НАТО иттифоқчилари Шарқий қанот мудофаасини кучайтиришга ваъда берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Нюрнберг Мюнхен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг