МЮнинг ёш юлдузи Ўзбекистонга қарши ўйнайди
Спорт
−
26 Апрель 2023
9222“Манчестер Юнайтед” вингери Алехандро Гарначо 20 ёшгача бўлган Аргентина терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида ўйнашга қарор қилди. Бу қарори туфайли Гарначо АПЛнинг камида 4 та ўйинини ва Англия кубоги финалини ўтказиб юборади. Аргентина терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинида Ўзбекистон U-20 терма жамоаси билан тўқнаш келади. Футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз Telegram саҳифасида Гарначо фонида олдинги “кичик мундиал”ларда рўй берган қизиқ ҳолатларни эслатиб ўтди.
“Ҳозирги ҳолатда Ўзбекистон ва Аргентина терма ёшлар жамоаларининг бир гуруҳдан жой олгани 2003 йилги мундиални эслатади. Ўшанда “Albiceleste”нинг асосий юлдузи Карлос Тевес эди ва шунга ўхшаш вазиятда “Бока Хуниорс” клуби раҳбарияти қитъалараро кубок ўйинини назарда тутиб, футболчини Жаҳон чемпионати бошланишига қадар терма жамоага қўйиб юбормаганди. Терма жамоа устози Хосе Пекерман эса қолган ўйинларда нафақат футболчи хизматидан бош тортди, балки унинг ўрнига ҳеч кимни чақирмади”, дейди Никимбаев.
Шунингдек, Никимбаев ўша мундиалда Испания жамоаси билан боғлиқ ҳолатни ҳам таъкидлаб ўтди.
“Ўшанда Ўзбекистоннинг гуруҳидаги яна бир жамоа Испания бўлиб, “қизил фурия” “Атлетико Мадрид” рухсат бермагани учун Жаҳон чемпионатида Фернандо Торрес хизматларидан фойдалана олмаган эди”, деб қўшимча қилди мутахассис.