Мўйноқда катта босимда газ сизиб чиқди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида газ сизиб чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, кеча, 26 июль куни Мўйноқ туманининг “Учсой” ОФЙ ҳудудида жойлашган “Муйноқ” конида олиб борилаётган бурғилаш ишлари давомида 5000 метр чуқурликка мўлжалланган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликдан газ чиқиши кузатилган. Бу қудуқ – ушбу конда бурғилаш ишлари бошланган биринчи қудуқ ҳисобланади.

Вазирликка кўра, газ босими кутилган даражадан юқори бўлгани сабабли барча хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда қудуқни ликвидация қилиш ва босимни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Воқеа содир бўлган пайтдан бошлаб барча тегишли ташкилотлар – “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси бошчилигидаги Жамиятга қарашли “Очиқ нефть ва газ фаввораларини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисмининг Марказий ҳарбийлаштирилган назорат отряди”, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда маҳаллий ҳокимият мутасаддилари воқеа жойида бўлиб турибди.

“Энг асосийси, ушбу қудуқ аҳоли яшаш жойидан узоқда ва газ таркибида олтингугурт йўқ бўлган тоза метан ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, Устюрт ҳудудидаги барча конлардан олинадиган табиий газ таркибида олтингугурт учрамайди”, дейилади баёнотда.

Энергетика вазирлиги айни дамда ҳолатни бартараф этиш учун хизмат қилаётган ишчи ходимлар соғлиғини сақлаш, шунингдек, атроф-муҳит ва ҳайвонот оламига зарар етишининг олдини олиш мақсадида газ назорат остида ёқиб қўйилганини ҳам қайд этган.

“Ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Шу сабабли одамлардан ваҳимага тушмасликларини сўраймиз. Ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 1 сентябрь куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Кофрун” МФЙда жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борган. 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилганди. 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳудуддан юқори концентрациядаги водород сульфид чиқмаётганини айтди ва юзага келган вазият ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳолат эканини таъкидлаганди. Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев эса ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этганини айтган. Кейинроқ эса ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро вафот этгани маълум бўлди. 11 нафар фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган. 17 сентябрь куни ҳам соат 16:00 ларда конга қарашли 604-сон қудуқнинг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази сизиб чиққан.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Энергетика вазирлиги Мўйноқ Муйноқ кони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг