Мутлақ ҳокимият ҳаваси: Лукашенконинг бошига ҳам Назарбоевнинг куни тушмайдими?

Олам

Кеча, 27 февраль куни Беларусь Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси тарқатган маълумотларга ишонилса, сайловчиларнинг асосий қисми янги Конституцияни ёқлаб овоз берган. 

Янги ҳужжатда 83 та модда ўзгартирилган ва тўлдирилган. Унда “Халқ ҳокимиятининг олий вакиллик органи" сифатида Бутун Беларусь Халқ Ассамблеяси (ББХА)га бағишланган 11 та янги модда ва битта янги боб, унинг мақоми ва ваколатлари пайдо бўлди.

Бу Александр Лукашенко ташаббуси билан ўтказилаётган тўртинчи референдумдир. Олдинги барча – 1995, 1996 ва 2004 йиллардаги референдумлар президент ваколатларининг кенгайиши ва мустаҳкамланишига олиб келди, овоз бериш ва натижалар Беларусь жамоатчилиги ва халқаро кузатувчилар томонидан тан олинмаган. 

2020 йилда ўтган Президент сайловида Лукашенко 80% дан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонгани айтилади. Бироқ, кўплаб мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар Лукашенконинг ғалабасини тан олгани йўқ. Сайлов куниёқ мамлакатда норозилик намойишлари бошланиб, у бир неча ой давом этди. Шу фонда Лукашенко конституциявий ислоҳот зарурлигини эълон қилди – шу йўл билан, кузатувчиларга кўра, расмийлар норозилик кайфиятини сусайтирмоқчи бўлган. Референдум ҳам намойишларсиз ўтмади. Шу куни ноқонуний намойишлар уюштириш айби билан 800 киши ҳибсга олинди. 

Конституциявий ислоҳотнинг мақсади – чексиз ҳокимият

Таҳлилчилар конституциявий ислоҳотнинг мақсадини мамлакатда ҳокимиятнинг эҳтимолий транзити тартибини расмийлаштириш, бунинг учун қонунчилик базасини яратиш деб атамоқда.  Ўзгартиришларнинг энг муҳими, 1996 йилдан бери мавжуд бўлгану, аммо бу вақт давомида фаолияти учун меъёрий асосга эга бўлмаган Бутун Беларусь Халқ Ассамблеяси (ББХА) мақомини конституция лойиҳасида белгилаш ҳисобланади. 

Қабул қилинаётган ўзгаришларга кўра, Бутун Беларусь Халқ Ассамблеяси мамлакатнинг олий вакиллик органи бўлиб, бошқа ҳокимият органларининг қарорларини бекор қилиш,президентга импичмент эълон қилиш, Марказий сайлов комиссияси аъзоларини, шунингдек, Олий ва Конституциявий судлар судьяларини тайинлаш, парламентга қонунлар киритиш, референдумлар чақириш, конституцияга ўзгартиришлар киритиш, фавқулодда ва ҳарбий ҳолат жорий этиш, сайловнинг қонунийлиги масаласини кўриб чиқиш ваколатига эга.

Гулла-яшна, Лукашенко! 

Бундан ташқари, таклиф этилаётган ўзгартиришлар президентга қонун кучига эга бўлган фармонлар чиқаришни тақиқлайди, парламент ваколатларини тўрт йилдан беш йилгача узайтиради, Бош вазирнинг ваколатларини бироз кенгайтириб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институтини ташкил этишни назарда тутади. 

Лойиҳадан келиб чиқадики, айни шахс Беларусда икки муддатдан кўп бўлмаган президентлик лавозимини эгаллаши мумкин, бироқ бу қоида янги сайланган давлат раҳбари лавозимига киришганидан кейин кучга киради. Бошқача айтганда, Александр Лукашенко жорий даврдан кейин (2025 йилда тугайди) яна 10 йил ҳукмронлик қилиш имкониятига эга. 

Беларусь Республикасининг собиқ президентлари учун конституция лойиҳаси махсус хавфсизлик кафолатларини назарда тутади – улар ўз вазифаларини бажариш пайтида содир этган хатти-ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, уларга Бутун Беларусь Халқ Ассамблеяси ва парламентнинг юқори палатасига умрбод аъзолик қилиш кафолатланади.

Шу билан бирга, Александр Лукашенкодан ташқари ҳеч ким бир вақтнинг ўзида бир нечта лавозимни эгаллай олмайди. Лукашенко Бутун Беларусь Халқ Ассамблеяси таклифига кўра, ҳам президент, ҳам Бутун Беларусь Халқ Ассамблеяси раиси бўлиб қолиш ҳуқуқига эга. Аммо президентликка номзодлар рўйхатга олиниши учун сўнгги 20 йил давомида Беларусда яшаган ва хорижда яшаш учун рухсатномага эга бўлмаган бўлиши керак – бундай талаб репрессия таҳдиди туфайли мамлакатни тарк этган кўплаб мухолифатчиларни ўз номзодини қўйиш имкониятидан маҳрум қилади.   

Янги конституция лойиҳасида Беларусь бетарафликка интилаётгани ва ўз ҳудудини ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш мақсадини кўзланганлиги ҳақидаги ҳозирги кўрсаткич мавжуд эмас. Ҳокимият вакиллари ҳам, уларнинг рақиблари ҳам бу норма амалда ишламаганини тасдиқлайди.

Референдум шартлари

Беларусда ҳозир референдум ўтказиш жиноят эканлиги айтилмоқда. Таъкидланишича, мамлакатда мингдан ортиқ сиёсий маҳбус бор, юзлаб фуқаролар Жиноят кодексининг норозилик намойишлари боғлиқ моддалари билан судланган, барча мустақил оммавий ахборот воситалари тугатилган, бир неча юзлаб интернет-ресурслар экстремистик деб тан олинган.

Бундан ташқари, мухолифат фуқароларнинг овоз бериш жараёни ва овозларни санаб чиқиш жараёнига ишончи йўқлигини таъкидлайди – участка комиссияларида мухолифат партияларининг бирорта ҳам аъзоси йўқ, комиссиялар таркибидаги шахсларнинг исм-шарифлари Марказий сайлов комиссияси томонидан таснифланади. 

Овоз бериш жараёнини кузатишга келсак, Демократик кучлар 2020 йилги президентлик сайловолди кампаниясини кузатишда иштирок этган фаоллар таъқиб ва қўрқувга учраганини баҳона қилиб, ўз ташкилотини бутунлай тарк этди. МСК эса Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакилларини таклиф қилмасдан, МДҲ ва ШҲТдан кузатувчиларни таклиф қилиш билан чекланган 

Мухолифат ва Ғарбнинг референдумга муносабати

Бундай вазиятда демократик кучлар коалицияси томонидан ишлаб чиқилган ҳаракат стратегияси референдумни бузиш ва уни ҳокимиятга ишончсизлик вотумига айлантиришга қаратилган эди. Светлана Тихановскаянинг офиси, Инқирозга қарши халқ департаменти, Мухолифатнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши, шунингдек, “Голос”, “Зубр” ва “Ҳалол одамлар” платформалари бу борада келишиб олдилар. 

Улар беларусликларни сайлов участкаларига келишга ва ўз хоҳиш-иродасини ифодалаш учун иккала вариантни ҳам чизиб, бюллетенни бекор қилишга чақирди. 

Мухолифат етакчиси Светлана Тихановская референдумни ноқонуний деб атади ва у Беларусдаги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар инқирозни енгиб чиқа олмайди. Унинг сўзларига кўра, бу “ҳа” ёки “йўқ” ўртасидаги танлов эмас, балки “фақат Лукашенко ва Лукашенко ўртасида танлов қилиш таклифи”.

Брюссел ҳам референдумни бирдек танқид қилмоқда. 1 февралдаги қўшма баёнотида Европарламентнинг Беларусь билан алоқалар бўйича делегацияси раҳбари Роберт Бедронь ва Беларусь бўйича доимий маърузачи Пятрас Ауштрявичюс референдумни “фантастик” деб атади. Ҳукмрон Социал-демократик партиядан Бундестаг депутати Нильс Шмид Тихановская билан учрашувда Германия парламенти референдум натижаларини тан олмоқчи эмаслигига ишонтирди, чунки у сиёсий мухолифат қатағон қилинган бир пайтда нодемократик шароитда ташкил этилган. 

Беларусь қонунчилигига кўра, референдум натижалари бўйича қабул қилинадиган қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач, кучга киради ва мажбурийдир. 

Назарбоевнинг куни Лукашенконинг бошига тушмайдими?

Маълумки, 2019 йил март ойида Қозоғистонни 28 йил бошқарган Президент Нурсултон Назарбоев кутилмаганда Президент лавозимини тарк этди ва Хавфсизлик кенгаши раиси бўлди ва бир вақтнинг ўзида Қозоғистон Халқ Ассамблеясини бошқарди. Унинг вориси Тўқаев эса Биринчи Президентга Элбоши рутбасини берди. Назарбоев лавозимдан кетишдан аввал ишни пишиқ қилиб, Президентнинг асосий ваколатларини Хавфсизлик кенгаши раиси ва Қозоғистон Халқ Ассамблеяси раисига ўтказган эди. Назарбоевнинг одамлар кўзини шамғалат қилиб, парда ортидан туриб, мамлакатни бошқариши узоққа чўзилмади. Икки ўртада нафақат унинг келажакдаги сиёсий карьерасига дарс кетди, балки Қозоғистоннинг Биринчи Президенти сифатида қолдирган изига ҳам доғ тушди. 

2022 йилнинг январь ойида содир бўлган воқеаларда Назарбоевнинг собиқ саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди, ўзи эса Хавфсизлик кенгаши ва Халқ Ассамблеяси раиси лавозимларини тарк этди. Фарзандлари ҳам сиёсий фаолиятини якунлади. Бугун кун сайин ҳокимиятдаги барқарорлик ва абадийликка нафси ҳакалак отаётган ва Конституция орқали ўзини муҳофаза қилишга уринаётган Лукашенконинг бошига ҳам шу кунлар келмасмикин?! 


Мақола муаллифи

Теглар

Александр Лукашенко

Баҳолаганлар

105

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made