Мутаассиб ғояларни тарғибот қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ – Адлия вазирлиги

Жамият 3344
image

Ўзбекистонда ахлоқий-диний нуқтаи назарларни ҳуқуқий муносабатлар предметига айлантиришга уриниш, аёлларнинг машина ҳайдашига субъектив баҳо бериш, уларнинг машғулот турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклаш, айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотиш (фойдаланиш)ни чеклаш, бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, Ўзбекистондаги дунёвийлик принципига монанд қонунлар билан ўрнатилган қоидаларни шубҳа остига олиш ва бошқа шу кабиларни тарғиб қилиш ҳолатлари учрамоқда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бу борада ўз хавотирини билдирмоқда. 

Вазирликнинг QALAMPIR.UZ берган баёнотида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга.

“Бу шуни англатадики, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиш ёки қилмасликда мустақилдир. Ҳар бир шахс бошқаларнинг виждон ва эътиқод эркинлигига эга эканлигини тан олиши шарт.

Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари зарур.

Кузатувлар кўрсатяптики, ахлоқий-диний нуқтаи назарларни ҳуқуқий муносабатлар предметига айлантиришга уриниш, миллий қадриятларимизга зид, инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини топтовчи ва чекловчи ахборот ташвиқотлари олиб бориш ҳолатлари аниқланди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Хусусан, диний мавзуда чиқишлар қиладиган ва шу соҳада фаолият юритадиган айрим шахслар томонидан аёлларнинг машина ҳайдашига субъектив баҳо бериш, уларнинг машғулот турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклаш, айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатиш, айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотиш (фойдаланиш)ни чеклаш, бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, Ўзбекистондаги дунёвийлик принципига монанд қонунлар билан ўрнатилган қоидаларни шубҳа остига олиш ва бошқа шу кабиларни тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Вазирликка кўра, айниқса, жамиятнинг муайян қатлами бошқаларнинг қарашлари, хатти-ҳаракатлари, турмуш-тарзига фақат битта ўлчам – ўзларининг ахлоқий-диний қарашлари мезони билан баҳо беришига тоқат қилиб бўлмайди.

Вазирлик Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш мумкин эмаслиги аниқ белгилаб қўйилганини эслатган. 

“Мазкур норма Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига тўлиқ имплементация қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, 27-моддасида шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.

Албатта, аҳоли, айниқса, ёшларни онгига Ўзбекистон жамиятининг бой тарихий-маънавий қадриятларини сингдириш мақсадга мувофиқ”, дейилади баёнотда.

Адлия вазирлиги тарбия муҳимлигини таъкидлагани ҳолда, бу жараён инсон ҳуқуқлари бузилиши, айниқса, фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш ҳисобига амалга оширилишига йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этади.

“Биринчи навбатда, инсонлар хулқ-атворига ва юриш-туришига алоҳида шахсларнинг ахлоқий-диний қарашлари ёки ўлчовлари билан эмас, балки амалдаги қонунчилик талаблари нуқтаи назаридан баҳо берилиши лозим.

Яъни фуқаролар қонунларга риоя қилар экан, ўз ҳаёт тарзини эркин ва аралашувларсиз танлаши мумкиндир ва бу энг муҳим конституцион ҳуқуқлардан бири.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам бошқа динга эътиқод қилувчи ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиган фуқароларнинг ҳуқуқларини инобатга олиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш Конституциявий бурч ҳисобланади”, дейди вазирлик.

Алоҳида урғуланадики, мамлакатда диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Қатъий ва ўзгармас ушбу конституциявий тамойилдан ҳеч қачон воз кечилмайди. Шахсларга диний қарашларни мажбурий сингдиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, тарғибот-ташвиқот жавобгарликни келтириб чиқаради.

“Ўзбекистон халқи бундан 30 йил олдин ўзининг тараққиёт йўлини танлаб олган – у дунёвийликка асосланган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлайди. Ушбу ҳақиқатни шубҳа остига олишга, мутаассиб ғояларни тарғибот қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея баёнотга якун ясалган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 2.9
t
×