Мусаевга “мармар гўшт” ва қимматбаҳо косметика: Миграция агентлиги можароси нима билан тугайди?
Review
−
26 June 6485 6 minutes
Аввалроқ, 2025 йилнинг март ойида коррупцион жиноятда айбланиб, ишдан бўшатилган, ҳозирда фирибгарликда гумон қилинаётган ва Интерполга қидирувга берилган Миграция агентлигининг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров “Корея иши” бўйича коррупцион ҳолатларга агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевнинг ҳам бевосита алоқаси борлиги ҳақида маълумотлар тарқатаётгани ҳақида маълум қилган эдик.
Азизбек Тоштемиров “Корея 24 соат” деб номланган Telegram-каналига Миграция агентлиги раҳбарига тегишли экани айтилган аудио ва ёзишмалардан олинган суратлар жойлаб бормоқда. Унда Беҳзод Мусаев қимматбаҳо совғалар, давлат ҳисобидан $150 минг долларлик машина, премиум дўконлардан харид қилинадиган гўшт маҳсулотлари талаб қилгани ҳақида жиддий айбловлар илгари сурилган. Азизбек Тоштемиров ўз каналида барча ҳолатлар бўйича фактлар етарли экани, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этишга тайёрлигини билдирган.
Қўйилаётган айбловлар ва тарқалаётган хабарларга расмий жавоб олиш учун Миграция агентлигининг матбуот котиби Гулруҳ Тўлаевани саволга тутдик.
— Агентлик атрофида саволлар жуда кўпайган. Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Кореяга фуқароларни юбориш бўйича 90 млн долларлик коррупцион схема аниқлангани ва бунга Беҳзод Мусаевнинг ҳам алоқаси борлиги айтилмоқда. Бу иддаоларни собиқ ходим, агентликнинг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари илгари суряпти. Бунга қандай изоҳ берасиз?
— Аввало, шуни айтиш керакки, $90 млн бўйича ҳали бирор бир якуний суд қарори эълон қилингани йўқ. Вазиятни тўғри тушуниш учун Кореяга кетиш механизмининг ўзига назар солиш керак. Мамлакатимизда хорижга ишлашга бориш бўйича энг юқори талаб доимо Корея йўналишида бўлган.
2021-2023 йилларда тест жараёнлари агентликнинг оддий ходимлари ва Кореядан келган HRD ташкилоти вакиллари иштирокида ўтказилган. Бу ерда тизим шундай: имтиҳондан ўтган фуқаролар Кореянинг EPS (Иш изловчилар электрон базаси)га киритилади. Бу базада туриш муддати – икки йил. Масалан, базада 10 мингдан ортиқ одам навбат кутаётган бўлса-ю, Корея бир йилда Ўзбекистон учун 3-4 мингта квота ажратса, табиийки, битта ўринга бир нечта номзод тўғри келади. Талаб бор жойда эса, афсуски, ноқонуний каналлар ва коррупцион таклифлар ўртага чиққан. Буни тан олиш керак, илгари бундай ҳолатлар бўлган.
Бироқ Миграция агентлиги қайта ташкил этилгач, Беҳзод Анварович бошчилигида бу тизим бутунлай ўзгартирилди. Ўша тизимда ишлаган ходимларнинг барчаси, жумладан, сиз тилга олган Азиз Тоштемиров ҳам бундан бир йил олдин ишдан бўшатилган. Бу йилги имтиҳонларга агентлик умуман аралашмади – жараённи тўлиқ Давлат тест маркази 5 босқичли кучли назорат остида ўтказди. Шунинг учун, ҳозирги раҳбариятнинг ушбу коррупцион ҳолатларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб ишонч билан айта оламан. Аксинча, бу ҳолатлар агентликнинг комплаенс тизими ва фуқаролар мурожаатлари асосида аниқланиб, ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
— Яъни, Беҳзод Мусаевнинг бу ишга умуман алоқаси йўқ, демоқчимисиз?
— Ҳа, Беҳзод Мусаевнинг бу нарсаларга умуман алоқаси йўқ деб бемалол айта оламан.
— Азиз Тошдемиров эса ўзининг Telegram-каналида айнан мана шу коррупцион схемаларни фош қилгани учун ишдан олинганини иддао қиляпти. Бунга нима дейсиз?
— У ходим ишдан бўшатилганига бир йилдан ошди. Агар унда ҳақиқатан ҳам асосли ҳужжатлар ёки далиллар бўлса, бир йил давомида уларни тергов органларига топшириши мумкин эди. Ҳали ҳам кеч эмас. Агар ушбу материаллар тақдим этилиб, тергов жараёни бошланса, агентлик раҳбарияти ҳам бемалол бориб сўровларда иштирок этишга ва қонуний жавоб беришга тайёр.
— Ижтимоий тармоқларда Беҳзод Мусаевнинг овозига жуда ўхшаш бўлган аудиолар тарқалди. У ерда ходимдан шахсий эҳтиёжлар учун қимматбаҳо Корея косметикаси, тиш пастаси ва ҳатто “мармар гўшт” юбориш талаб қилингани айтилади.
— Бу суҳбат жараёни, контекстлар кесилган бўлиши мумкин. Бу борада ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳали якуний экспертиза хулосаси эълон қилингани йўқ. У ерда аслида қандай суҳбат бўлган, кимлар гаплашган – бунга фақат расмий экспертиза баҳо бериши мақсадга мувофиқ.
— Аудиолар контекстдан юлиб олинган бўлиши мумкин дейиляпти. Демак, бу суҳбат ростдан ҳам Беҳзод Мусаев билан бўлиб ўтганми?
— Суҳбат айнан улар ўртасида бўлганми-йўқми, мен аниқ айта олмайман.
— Яна бир жиддий айблов – Беҳзод Мусаев ўзи учун Кореядан махсус созланган, ичида ётиб кетишга мўлжалланган дивани бор “Hyundai Palisade” автомашинасини олиб келишни буюргани, тўлов масаласи келганда эса агентлик бюджетидаги $150 минг пулни расмий хат орқали “обнал” қилиб, шу ҳисобдан ёпишни айтгани ҳақида. Шундай машина агентликка келиб тушганми?
— Йўқ, Агентликка ҳеч қачон бундай машина келиб тушмаган ва у балансда мавжуд эмас. Юқорида айтганимдек, бу ўзаро суҳбатнинг боши нима билан бошланган ва охири нима билан тугаган — барчаси тергов ва экспертизага боғлиқ масалалар. Жиддий айбловлар илгари сураётган Азиз Тоштемиров қидирувга берилганидан кейин бундай баёнотлар билан чиқаётганининг ўзи ҳам бир қанча саволларни туғдиради. Агар қўлида ҳақиқий асослар бўлса, тегишли органларга топширсин, ҳаммаси қонун доирасида ҳал этилади.
— Постларда хусусий бандлик агентликларига ҳам тўхталиб ўтилган. Аввалига уларга хориждан иш ўринлари топиб бериш мажбурияти юклангани, кейинчалик эса уларнинг лицензиялари асоссиз равишда бекор қилиб юборилгани ҳақида гапирилган. Бу вазиятга қонуний ёндашув қандай бўлган?
— Хоржга фуқароларни юбориш жараёни қонун билан тартибга солинади. Президентнинг 367-сонли қарорига мувофиқ, Миграция агентлиги топган иш ўринларини хусусий бандлик агентликларига ҳам бўлиб бериши ва рекрутинг жараёнлари секин-аста хусусий секторга ўтиши кўзда тутилган. Шу сабабли, уларга квоталар ажратилиши мутлақо қонуний бўлган. Ҳатто Кореянинг Е-9 (оддий ишчи) визаси билан ҳам хусусий агентликлар шуғулланиши бўйича ташаббус билдиргандик, аммо Корея қонунчилиги бунга йўл қўймади. Қолган Е-7 ва Е-8 визалари билан улар бемалол шуғулланишлари мумкин.
Лицензиялар бекор қилиниши масаласига келсак, яқинда “Work-Mall” ва яна бир агентликнинг лицензияси бекор қилингани рост. Аммо Миграция агентлиги ўзидан-ўзи бирор ташкилотнинг лицензиясини бекор қила олмайди. Бунинг учун ё ташкилотнинг ўз аризаси, ёки нормативларни бузганлик ҳолати бўйича чиқарилган суд қарори бўлиши шарт. Бизда ҳаммаси фақат суд қарори асосида амалга оширилган.
— Халқни ва ОАВни қизиқтираётган энг катта масала — бу мавҳумлик. Бунчалик оғир айбловлар фонида Беҳзод Мусаевнинг шахсан ўзи чиқиб, журналистлар қаршисида ушбу аудиолар ва иддаоларга очиқ изоҳ бериши энг тўғри ечим эмасми? Қачон уни журналистлар қаршисида кўрамиз?
— Албатта, Беҳзод Мусаев оммавий ахборот воситалари учун очиқ инсон. Биз яқин кунларда ОАВ вакиллари учун махсус матбуот анжумани ташкил этишга ҳаракат қиламиз. Тўғри, айни вақтда вазият бироз мураккаб, шу бош сабабли бу масалага бир томонлама эмас, балки ҳуқуқий ва расмий экспертиза хулосаларига таянган ҳолда нуқта қўйилиши тарафдоримиз. Тез орада бу тадбирни ўзимиз расман эълон қиламиз.
Live
All