Икки вилоятда Умрага юборишни ваъда қилганлар ушланди

3-саҳифа

image

Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида фуқароларни ноқонуний равишда Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, пул талаб қилган икки шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида фаолият юритувчи авиакасса раҳбари Умра зиёратига юбориш ҳуқуқига эга бўлмаганига қарамай, маҳаллий фуқарони Саудия Арабистонига олиб боришни ваъда қилган. Бунинг эвазига ундан 1150 АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс сўралган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги ҳолатда эса Гулистон туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс 3 нафар фуқарони Тошкент шаҳридаги гўёки Умра зиёратини ташкил этиш ваколатига эга бўлган туристик фирма орқали Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилган. У бунинг учун жами 3150 АҚШ доллари талаб қилган.

Мазкур шахс сўралган пулдан олдиндан 3,5 млн сўм олаётган вақтида ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Билдирилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ва Фарғона вилоятларида фуқароларни алдаб, Умрага жўнатиш эвазига пул ундирган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг