Қайдан билсин от қадрин, от минмаган эркаклар?! Мурод Назаров поло федерациясида иш бошлади

Жамият 7833
image

Кеча, 2 июнь куни ўзбекистонлик таниқли тадбиркор, “Murad buildings” қурилиш ширкати таъсисчиси Мурод Назаров ҳамда Халқаро Вестминстер университетининг Карьерани ривожлантириш маркази ва битирувчилар билан ҳамкорлик бўлими раҳбари Мирзиёд Мажидий Ўзбекистон поло федерацияси раисининг янги ўринбосарлари этиб сайланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Федерация раиси ўринбосари лавозимига Мурод Назаров номзодини Баҳромжон Газиев тавсия қилган. Таниқли тадбиркорлар Зафар Ҳошимов ва Ҳасан Мамасаидов эса Мирзиёд Мажидий номзодини қўллаб-қувватлаган. Ўзбекистон поло федерацияси Бош котиби лавозимига Акбар Асқаров номзоди илгари сурилган. 

Анжуман якунда иштирокчилари таклиф этилган барча номзодларга овоз бериши натижасида Мурод Назаров ва Мирзиёд Мажидий Ўзбекистон поло федерацияси раисининг янги ўринбосарлари, Акбар Асқаров эса Бош котиб этиб сайланган.

Маълумот учун, Ўзбекистон поло федерацияси 2020 йил 10 октябрда ташкил этилган. Федерация анъанавий ва қор полосини ривожлантиришни қамраб олади. Айни пайтда Ўзбекистонда поло бўйича 12 та профессионал жамоа фаолият кўрсатмоқда.

Халқаро поло федерацияси — ХПФ 1982 йилда Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ташкил этилган. 2021 йилда Ўзбекистон поло федерацияси Марказий Осиёдаги ягона расмий ХПФ аъзосига айланган.

Поло Ўрта Осиё ҳудуди билан боғлиқ бўлган бой тарихга эга, у биринчи минг йиллик ўрталарида жамоавий ўйин – човғон тарзида вужудга келган. Човғон асрлар давомида Ўрта Осиё, Озарбайжон, Эрон, Ироқ ва қўшни туркий мамлакатларда жуда машҳур бўлган. Қадимги миниатюраларда ўйиннинг парчалари тасвирланган, тарихий қўлёзмаларда ўйиннинг батафсил тавсифи ва қоидалари берилган. Илк халқаро човғон мусобақалари чавандозлар ўртасида ўтказилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 182
Рейтинг: 3
t
×