Мураббийсиз ўйнаган Ўзбекистон Туркманистонни 2:0 ҳисобида мағлуб этди
Спорт
−
14 Июнь 2023
10369Бугун, 14 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CАFА) томонидан ўтказилаётган “CAFA Nationʼs Cup 2023” турнирининг 2-турида Туркманистонга қарши майдонга тушди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳар иккала жамоада ҳам бир қанча хавфли вазиятлар бўлди аммо, асосий вақтда ҳисоб очилмади. Қирғизистонлик бош ҳакам Нурзодбек Абдуқодиров томонидан қўшиб берилган 4 дақиқада ҳам ҳисоб ўзгармади.
“CAFA Nationʼs Cup” турнирининг 1-турида Италиянинг “Специя” клубида ижарада бўлиб, Уммонга қарши баҳсда иштирок этолмаган Элдор Шомуродов иккинчи бўлимнинг 51-дақиқасида Туркманистон дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди.
Шунингдек, учрашувнинг 85-дақиқасида Туркманистон жарима майдончасида дарвозабон билан юзага келган тўқнашув натижасида очиқ қолган ҳудуд Шомуродов томонидан аниқ мўлжалга олинди. Жамоа сардоридан дубл.
Учрашув бош ҳаками томонидан қисқа муддатли тўхталишлар ҳисобга олиниб, ўйиннинг асосий вақтига 5 дақиқа қўшиб берилди. Бу вақт эса майдонда ҳисоб ўзгаришига ёрдам бермади.
Ўзбекистон қизғин кечган учрашувда Туркманистонни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Маълумот учун, бунга қадар Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари 8 марта тўқнаш келган бўлиб, 6 та ўйинда Ўзбекистон, 1 тасида эса Туркманистон ғалаба қозонган ва 1 марта дуранг натижа қайд этилган.
Муҳсинжон Умурзоқов
LiveБарчаси