Мулкдор “доверенность” бергани ҳақида ЙҲХХни хабардор қилиш тартиби белгиланяпти
Жамият
−
15 Сентябрь 2023
6210Мулкдорлар ўзига тегишли транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсга, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга ишончнома орқали ўтказилгани тўғрисида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини хабардор қилиши тартиби жорий этилади.
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситасининг мулкдорлари томонидан автомототранспорт воситасини бошқариш ва фойдаланиш ҳуқуқи бошқа шахсга берилганлиги ҳақида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳага кўра, автомототранспорт воситасининг мулкдорлари томонидан ўзларига тегишли автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилгани ҳақида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Низомга мувофиқ, автомототранспорт воситасининг мулкдорлари ўзига тегишли автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсга, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга ишончнома орқали ўтказилгани тўғрисида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини хабардор қилиши Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Бунда, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини хабардор қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 16 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши, ЯИДХП орқали мурожаат қилингани учун белгиланган йиғимнинг 90 фоизи ундирилиши ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга банд биринчи хатбошисида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланиши белгиланмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходими хабарнома келиб тушгандан сўнг ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиши, агар мурожаатда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисида маълумот мавжудлигини аниқласа, ушбу ҳақида махсус интеграциялашган ахборот тизими орқали божхона органларига киритилган ўзгартиришлар ҳақида хабарнома юбориши таклиф этилмоқда.
ЯИДХП орқали юборилган хабарномалар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Маъмурий амалиёт” модулига келиб тушиши ва ушбу модулида тегишлилиги бўйича “Нотариал тасдиқланган ишончнома”, “Каршеринг” ва “Чет эл фуқароси” блокларига тақсимланиши белгиланмоқда.
Бунинг натижасида, автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини тегишли ишончнома орқали олган шахс, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс келгусида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни содир этса ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига киритилган ўзгартиришларга асосан улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 17-1- ва 309-1-моддаларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда.
Агар автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини тегишли ишончнома орқали олган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этса, уларга нисбатан МЖтКнинг 309-1-моддасига асосан жарима солиш тўғрисида қарор чиқарилади ва бу ҳақида онлайн режимда божхона органларига интеграциялашган махсус ахборот тизими орқали хабарнома юборилади. Уларга нисбатан чиқарилган жарима солиш тўғрисида қарорда белгиланган жарима ундирилмасдан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётганда, жарималар божхона органлари томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан онлайн режимда тақдим этган маълумотлар асосида ундирилади.
Бунда, йўл ҳаракати қоидаларини бузган чет эл фуқароларидан божхона органлари томонидан ундирилган жарима суммасидан Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига ажратилиши белгиланган қисмнинг 50 фоизи Божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига ўтказилиши белгиланмоқда.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси