“Эркатой ўғил машмашаси” ИИВ жарималар бўйича эксклюзив ҳуқуқларни кимга берди?
Жамият
−
15 Апрель
15856Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тўғрисида маълумот бериб келаётган Road24 иловаси ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тўғрисида маълумот алмашинуви батамом тўхтатилди. Бу ҳақда ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошев ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.
Йўлдошев 14 апрелдан эътиборан жарималар ва бошқа хизматлар ҳақидаги маълумотларни Safe Road иловаси орқали билиш мумкинлигини билдирди.
Бу хабардан сўнг Road24 маъмурияти ўзининг Telegram саҳифасида бундай ўзгаришларга муносабат кўрсатиб, пост қолдирди. Унда янги экани айтилаётган илова шунчаки Road24’дан кўчирилгани айтилган.
Постнинг тўлиқ шакли сал ўтиб таҳрирланди ва унинг ЙҲХХ ва Ички ишлар вазирлигига қарата ёзилган қисми олиб ташланди.
“Ҳа. ЙҲХ ва ИИВга келсак, давлат ташкилоти бўлиб ҳаммага тенг имкон бериш ўрнига дадаси кучли, шунга йўл берди. Эски замонлар қайтди”, дея ёзилган эди постнинг таҳрирланмаган кўринишида.
Бироқ илова маъмурияти ўз эътирозида нимага шама қилаётгани, гап айнан кимнинг ўғли, кимнинг дадаси ҳақида кетаётгани маълум эмас. Ва бу айни вақтда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти, фаоллар орасида тренд мавзуга айландики, жамоатчилик янги илованинг муаллифлари отасини қидирмоқда.
“Янги илова қилдик дейишмоқда, лекин нимаси янги? Ҳеч нарсаси, Road24 иловасини олишди, кўчиришди. Янгилик, осонлик яратишни бизнинг жамоа жуда яхши билади. Road24 иловаси тез кунда янгиланади, сизлар учун янада қулай имкониятлар яратилади”, дейди ИИВ ҳамкорликни тўхтатган илова маъмурияти.
Бугунгача муаммосиз ишлаб келаётган Road24 иловаси ва ЙҲХХ томонидан тиқиштирилаётган иловага тааллуқли жараён ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга, эътирозларга сабаб бўлмоқда. Жамоатчилик вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари, журналистлар, иқтисодчилар ЙҲХХнинг тайёр илова билан ҳамкорликни буткул тўхтатиб, тендерсиз, рақобатни қўллаб-қувватламай бошқа илова билан иш бошлаганини қоралади.
“Бу худди янги ва қўлинг ўргилсин замонда ҳокимлар тайинланиши билан тадбиркор-у, аҳоли ўрганган эски бозорни буздириб, янгисини қурдириш ва ёқадими, йўқми, ихтиёран-мажбуран кўчиришга ўхшайди.
Қўйинглар, Худобехабар бозорни бузади, майли, янги бозор қурмоқчи бўлсанг, унисиям ишлайверсин, бунисиям ишласин, рақобат ва танлов бўлсин, дейдиган топилмайди, афсуски”, деб ёзган иқтисодчи Отабек Бакиров.
Янги илованинг бозорга бирданига кириб, тайёр номни ўзлаштиргани, ЙҲХХ иловасининг давлат идораси томонидан кенг тарғиботи ва эски иловага нисбатан қўйилган тақиқлар кўпчиликда норозилик кайфиятини юзага келтирди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари бундай вазиятда коррупция ҳолатлари мавжудлиги эҳтимолдан йироқ эмаслиги, истеъмолчилар ҳуқуқлари поймол бўлгани ва тенг рақобат қилиб, иккала иловани ҳам амалда қўллаш яхши ечим бўлиши ҳақида фикрлар билдирди.
QALAMPIR.UZ ҳолат бўйича муносабат олиш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот котиби Отабек Усмонов билан боғланди.
“Бу масалада қайси илованинг юритилиши тендерда ютиб олинган масала эмас. Мисол учун, тендерда олинган бўлиб, биз уни чеклаб, хусусий сектор сифатида бозорга бошқани киритган бўлсак, ўшанда бу биз шуғулланишимиз лозим бўлган масала бўлар эди. Бироқ бу Road24 ва ЙҲХХнинг ўзаро шартномавий муносабати, қолаверса, Road24’ни биз истеъмолчи сифатида кўрмаймиз. У ҳам, Ички ишлар вазирлиги ҳам – юридик шахс, шартномавий муносабатлар фуқаролик тартибида кўрилади. Айтайлик, Road24 фуқаро сифатида истеъмолчи ҳуқуқларимизни бузди деса, уни истеъмолчи сифатида кўришимиз мумкин эди. Лекин, у юридик шахс. Рақобат қўмитаси фуқаровий тартибда тузилган шартномаларни кўриб чиқмайди. Агар бу вазиятда рақобатни чеклайдиган ҳолат бўлганида, Қўмита бу жараённи кўриб чиқиши мумкин эди”, дейди қўмита расмийси.
Усмоновнинг қўшимча қилишича, агар тендер савдолари ташкил қилинган ва унда иловани бошқа хусусий сектор ютиб олган бўлса ҳамда бу борада Road24 томонидан давлат харидлари жараёнида рақобат бузилиши ҳақида мурожаат қилинса, Рақобат қўмитаси ўшанда ҳолатни кўриб чиқиши мумкин.
QALAMPIR.UZ янги илованинг давлат идораси томонидан қўллаб-қувватланишида коррупцион омиллар мавжудми, деган саволлар ортидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан боғланди. Агентлик матбуот котиби Шерзод Сапаров ташкилот ўз ваколатлари доирасида жараённи ўрганиб, сўнгра батафсил ахборот бериши, ҳозирча муносабат билдира олмаслигини таъкидлади.
Маълумот учун, Road24 иловасининг оммавий оферта бўлимида унинг ишлаб чиқарувчиси “Kash App” МЧЖ экани кўрсатилган. Корхона 2016 йил 17 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Корхонанинг устав фонди – 165 миллион 409 минг 600 сўм. Раҳбар сифатида Линиза Халиловна Фаткулина кўрсатилган ва у фирманинг 10 фоиз улушига эгалик қилади. МЧЖнинг қолган 90 фоиз улуши Наима Муҳаммаджоновна Ҳасанова номига расмийлаштирилган. Илова Play Market’да 5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи томонидан юклаб олинган.
Жарималар ҳақида маълумот бериш бўйича янги эксклюзив ҳуқуқ эгасига айланган Safe Road иловасининг оммавий оферта бўлими айни пайтда ишлаётгани йўқ. Шунга қарамай, илова App Store'га “AUTODOC” МЧЖ номидан тақдим этилган ва 100 мингдан кўп фойдаланувчи томонидан юклаб олинган. Ушбу корхона 2022 йил 27 июнь куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Устав фонди – 500 минг сўм. Раҳбар сифатида Сайёдбек Сиддиқжон ўғли Содиқов кўрсатилган. Фирманинг таъсисчиси 100 фоиз улуш билан Билол Баҳодир ўғли Каримов ҳисобланади.
LiveБарчаси
Пезешкиён Озарбайжонга етиб борди.
28 Апрель