Мукофот ўзбек футболи тўғри йўлга тушиб бораётганини англатади – Равшан Эрматов

Спорт

image

Кеча, 31 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Осиё футболининг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ортда қолган мавсум якунларига кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) “Йилнинг энг яхши федерацияси” деб топилди. Совринни ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов қабул қилиб олди.

Маросим якунлангандан сўнг Эрматов QALAMPIR.UZ'ga қўлга киритилган соврин ва келгусида ўзбек футболида қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан фикрларини билдирди.

“Халқаро ташкилотлар ўзбек футболи ўзгараётиши ва ассоциация фаолиятини яқиндан кузатиб бормоқда. Бу мукофот ўзбек футболи тўғри йўлга тушиб бораётганини англатади. Футболимизда ҳали камчиликлар бор, бироқ уларни босқичма-босқич бартараф этяпмиз”, дейди Эрматов.

Шунингдек, Эрматов ҳозирда ЎФА мамлакатда футбол ривожи учун асосий эътиборни қайси жиҳатларга қаратаётганини айтиб ўтди.

“ЎФА замонавий футболни сифатли инфратузилмасиз ривожлантириб бўлмаслигини билади. Ҳозирда биз инфратузилмани яхшилашга эътибор қаратяпмиз. Шунингдек, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга, футбол фаолияти билан шуғулланаётган барча одамларни билимини оширишга бел боғлаганмиз. 14 та ҳудудий футбол академияларни тизимли ривожлантириб, республика футбол академиясида етук футболчиларни тайёрлаш ҳам олдимизга қўйилган асосий мақсадлардан бири ҳисобланади. Ундан ташқари 19 терма жамоа фаолият юритмоқда. Ҳар бир ёш тоифасида терма жамоаларни ташкил қилдик, бу эса футболчилар ўртасида яхшигина рақобатни шакллантиради, бу эса футболни ўсишига хизмат қилади”, дейди ЎФА вице-президенти.

QALAMPIR.UZ Эрматовга қачон Ўзбекистондан йилнинг энг яхши футболчи ва мураббийлари чиқиши ҳақидаги савол билан юзланди.

“Агарда юқорида айтиб ўтганларимни қила олсак, Ўзбекистондан ҳам Осиёда йилнинг энг яхши футболчи, мураббий ва ҳакамлари етишиб чиқади”, дейди Эрматов.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўз тарихида биринчи марта Осиёнинг энг яхши федерацияси деб топилди. Шу вақтга қадар ўзбекистонлик футболчи Сервер Жепаров қитъада 2 марта йилнинг энг яхши футболчиси деб топилган бўлса, ҳозирда ЎФА вице-президенти сифатида фаолият олиб бораётган Равшан Эрматов 5 марта Осиёнинг энг ҳаками деб топилган. 1999 йилда Маҳмуд Раҳимов, 2007 йилда эса Рауф Инилеев қитъанинг энг яхши мураббийи бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Равшан Эрматов Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг