Мудофаа вазирлиги 30 миллионлик тилла ручкалар нега кераклигини маълум қилди
Жамият
−
10 Июнь 2021
17605Аввалроқ, Мудофаа вазирлиги томонидан 2 дона “премиум” тоифасидаги тилла ручкалар сотиб олинаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ручкаларнинг умумий қиймати нақ 30 миллион сўмга тенг.
Мудофаа вазирлиги QALAMPIR.UZ сўровига кўра, ҳолат юзасидан изоҳ берди ва қимматбаҳо ручкалар нега керак бўлиб қолганини маълум қилди.
“Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва хорижий давлатлар мудофаа идоралари билан ўзаро ҳамкорлик битимлари ҳақидаги муҳим ҳужжатларни имзолаш расмий тадбирларида фойдаланиб келинган канцелярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж пайдо бўлган ва уларнинг фойдаланиш муддати якунига етмоқда.
Шу боис келгусида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти иштирокидаги хорижлик ҳамкорлар билан амалга ошириладиган протокол тадбирларини юқори савияда ташкиллаштириш ва Мудофаа вазирлиги нуфузини сақлаш мақсадида истиқболда халқаро миқёсдаги таниқли фирмаларнинг канцелярия ашёларидан фойдаланиш режалаштирилган. Яъни халқаро тадбирларда Ўзбекистон Республикаси расмий вакиллари томонидан фойдаланиш учун қўлланиладиган ашёлар халқаро нуфузга лойиқ даражада бўлиши шарт, дея ҳисобланади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Шу мақсадда мазкур турдаги маҳсулотларни етказиб берувчи маҳаллий тадбиркорларнинг таклифларини ўрганиш учун вазирлик ишлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Товар хом-ашё биржасининг махсус ахборот портали exarid.uzex.uz сайтига ручка харид қилиниши ҳақидаги эълон жойлаштирилган.
Таъкидланишича, эълонда кўрсатилган нарх якуний тўхтам эмас, балки бозор қоидаларига кўра тадбиркорлик ва маҳсулот етказиб бериш билан шуғулланадиган корхона ва ташкилотларнинг маҳсулот ва нархлар бўйича барча таклифлари ўрганилади, танлов асосида якуний хулосага келинади. Худди шундай талабларга жавоб бера оладиган бошқа фирмаларга тегишли маҳсулотлар таклифи ҳам ўрганиб чиқилади.
“Ижтимоий тармоқ фаоллари ва давлатимиз бюджети сарфига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз билишини истардикки, ушбу маҳсулот вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан харид қилиниши кўзда тутилган”, дея якунланади вазирлик баёноти.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм, муассаса ва бўлинмалар қошида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ёрдамчи хўжаликлар (иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, боғдорчилик, экин майдонлари) мавжуд бўлиб, улар вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағларини шакллантирадиган асосий манбалар ҳисобланади.
LiveБарчаси