MSC'да нималар бўляпти? Германия ва АҚШ расмийлари бир-бирини танқид қилди

Олам

image

АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс Мюнхен хавфсизлик конференциясида (MSC) Европа давлатларининг миграция, сўз эркинлиги ва хавфсизлик соҳасидаги сиёсатини танқид қилди.

“Европа учун мени энг кўп ташвишлантираётган таҳдид бу Россия ёки Хитой ёки бошқа ташқи актор эмас. Мен ичкаридан келаётган таҳдид, Европанинг АҚШ билан баҳам кўрган энг муҳим қадриятларидан чекинишидан хавотирдаман”, деди у.

АҚШ вице-президенти, шунингдек, “хавфсизлик девори қурмаслик” ва “келажакдан қўрқмаслик”га чақирди.

Аввалроқ у Американинг “The Wall Street Journal” нашрига берган интервьюсида Мюнхенда немис сиёсатчиларига барча партиялар, жумладан “Германия учун альтернатив” билан ҳамкорлик қилишга чақиришни режалаштираётганини айтганди.

“Афсуски, кўплаб европалик дўстларимиз сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини эътиборсиз қолдирди”, деган у журналистларга.

Унинг сўзларига жавобан Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Хебстрейт “дўст давлатнинг ичидаги сиёсий баҳс-мунозараларни тўлиқ англаб етмасдан унинг ички ишларига аралашмаслик”га чақирди.

Ўз навбатида, “Германия учун альтернатив” партиясидан Германия канцлери лавозимига номзод Алис Вайдель Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтида Вэнcнинг MSC'даги нутқини “аъло” деб атаган.

Германия Мудофаа вазири Борис Писториус эса Мюнхен хавфсизлик конференциясида АҚШ вице-президентининг Европадаги сўз эркинлиги ҳақидаги сўзларини танқид қилди.

“Агар мен уни тўғри тушунган бўлсам, у Европанинг баъзи қисмларидаги шароитни авторитар режимлар шароитига қиёслаяпти. Бу қабул қилиб бўлмайдиган нарса ва бу мен яшаётган ва мен ҳозир бўлган Европа ва демократия эмас”, деди Писториус. 

Федерал вазирнинг сўзларига кўра, Германия демократиясида “ҳар қандай фикр билдирилиши мумкин”, бу “Германия учун альтернатив” каби қисман экстремистик партияларга бошқа партиялар каби мутлақо нормал кампания ўтказиш имконини беради”. Писториус, шунингдек, “Германия учун альтернатив”дан Германия канцлери лавозимига номзод Элис Вайдел 13 февраль куни бу лавозимга бошқа даъвогарлар қаторида немис телевидениесида нутқ сўзлаганини эслатди.

Ўз навбатида, Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмаер АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятини қўполликда, белгиланган қоидалар, ҳамкорлик ва ишончни бузганликда айблади.

“Американинг янги маъмурияти бизникидан бошқача дунёқарашга эга”, деди у MSC'да.

Франк-Вальтер Штайнмайер Трамп маъмуриятининг дунёқараши “ягона доминант парадигма”га айланиб қолмаслигини таъминлаш халқаро ҳамжамият манфаатларига мос келишини қўшимча қилди.

“Қоидаларнинг йўқлиги дунёни қайта ташкил этиш тамойилига айланмаслиги керак. Бу бизнес модели эмас ва бу ҳалокат учун ўйин майдончаси эмас”, деди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия АҚШ Дональд Трамп Франк-Вальтер Штайнмайер Мюнхен хавфсизлик конференцияси Борис Писториус Жеймс Дэвид Вэнс MSC

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг