МРБ ва “Моссад” раҳбарлари ҲАМАС таклифини муҳокама қилиш учун Мисрга боради
Олам
−
13 Февраль
4700АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уильям Бёрнс ва Исроилнинг “Моссад” разведка бошқармаси раҳбари Давид Барнеа Миср ва Қатарнинг юқори мартабали расмийлари билан учрашиши кутилмоқда. Бу ҳақда номи ошкор этилмаган дипломатик манбаларга таяниб, “Financial Times” хабар берди.
Қоҳирада бўлиб ўтиши мумкин бўлган музокаралардан асосий мақсад Яқин Шарқдаги урушни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларни қайта бошлашдир.
Нашр суҳбатдошларига кўра, бўлажак учрашув яҳудий давлати Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг ғалабагача курашишга ваъда берган муросасиз баёнотларига қарамай, Исроил музокараларга очиқ эканидан далолатдир.
"Олдинги муҳокамалар конструктив бўлди ва муросага келиш истаги бор. Барнеа розилик бўлмаганида музокараларга бормаган бўларди", дейди исми ошкор этилмаган дипломат.
У музокарачилар барча гаровга олинганлар озод этилганидан кейин эълон қилмоқчи бўлган доимий сулҳнинг ўрнатилишини ва Исроил қўшинларининг Ғазо секторидан олиб чиқилишини томонлар позицияларидаги фарқ қиладиган асосий нуқталар деб атади.
Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Бёрнс Парижда Миср, Исроил ва Қатар вакиллари билан учрашганди. NBC маслаҳатлашув иштирокчилари ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги гаровга олинганларни фаластинлик асирларга босқичма-босқич алмашиш, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб туриш ва Ғазога гуманитар ёрдам етказиб беришни назарда тутувчи янги келишув асосида келишиб олишганини хабар қилди. Кейинроқ ҲАМАС Париждаги учрашув чоғида ишлаб чиқилган Исроил билан келишув бўйича таклиф олгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
LiveБарчаси