Равшан Золотой яна мамлакатни тарк этди

Жамият 17080
image

Таниқли тадбиркор, халқ орасида “авторитет” номи билан танилган AIBA’нинг собиқ президенти Ғафур Раҳимовнинг жияни, “криминал авторитет” сифатида кўриб келинган “Равшан Золотой” – Равшан Муҳиддинов жорий йилнинг 11 июль куни Ўзбекистонга қайтгани ҳақида хабар берган эдик. 30 яшар “Равшан Золотой” бир неча кун Тошкентда бўлиб, яна мамлакатни тарк этган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. 

Аниқлашимизча, Равшан Муҳиддинов айни дамда Туркиянинг Бодрум шаҳрида бўлиб турибди. У соҳилбўйидаги “Maçakizi” меҳмонхонасига жойлашган. 

2007 йилда 18 яшар Равшан Муҳиддиновга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 242-моддаси бўйича бўйича жиноий иш қўзғатилиб, қидирув эълон қилинганди.
 
Муҳиддинов бундан 12 йил аввал, Ғафур Раҳимовга нисбатан тазйиқлар кучайган даврда оғир жиноятларда айбланган ва мамлакатни тарк этган. У асосан Туркиянинг Истанбул ва Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳарларида истиқомат қилган. Бу орада Ўзбекистоннинг талаби билан шу шаҳарлардаги қамоқхоналарда ҳибсда сақланган.  

Равшан Муҳиддинов номи Тошкентга қайтиши арафасида Ички ишлар вазирлиги сайтининг қидирувдаги шахслар рўйхатидан олиб ташланди. Бундан бир неча ой аввал ушбу рўйхатда Ғафур Раҳимовнинг ҳам номи бор эди. Орадан кўп ўтмай, Раҳимовнинг номи ҳам рўйхатдан ўчирилди ва у мамлакатга қайтиб келди. 
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 464
Рейтинг: 2.9
t
×