Москва суди Украина хавфсизлик хизмати раҳбарини терактда айблаб, сиртдан ҳибсга олди
Олам
−
27 Март
11095Москванинг Басманний туман суди Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) раҳбари Василий Малюкни теракт иши бўйича икки ойга сиртдан ҳибсга олишга қарор қилди. Бу ҳақда кеча, 26 март куни пойтахт судлари матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Малюк одам ўлимига сабаб бўлган терактда (Россия Федерацияси Жиноят кодекси 205-моддаси 3-қисми “б” банди) айбланмоқда. У федерал ва давлатлараро қидирувга берилган.
“УХХ раҳбарига нисбатан иш қўзғатилишига 2022 йил октябрь ойида Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги Қрим кўпригида юк машинасининг портлаши сабаб бўлиши мумкин”, деб ёзади “Коммерсант” газетаси.
2023 йил август ойида Малюк ушбу ҳужум тафсилотларини айтиб, ўзи ва яна икки УХХ зобити портлашни ташкил қилишда ишлаганини очиқлаган.
Жорий йилнинг 25 март куни Украина телемарафонида эфирга узатилган интервьюда эса Малюк УХХнинг россиялик ҳарбий блогер Владлен Татарский ва Украина Олий Радасининг собиқ депутати Илья Киванинг ўлдирилиши, шунингдек, россиялик ёзувчи ва сиёсатчи Захар Прилепин саёҳат қилган машинанинг портлашига алоқадорлигига ишора қилган.
Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати ушбу воқеаларнинг барчасида Украина махсус хизматларини айблади. Украина томони ҳужумларга алоқадорлигини бевосита тасдиқламади.
LiveБарчаси