Москва депутатлари Путиндан истеъфога чиқишини сўрашди

Олам 43348
image
-

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни “Ломоносов” Москва муниципал округи депутатлари кенгаши Россия Президенти Владимир Путиндан истеъфога чиқишни сўради. 

Москва муниципиал депутатлари Президентга йўллаган мурожаатида ҳокимиятнинг ворислилиги мамлакатнинг муваффақиятли ривожланиши учун муҳим эканлигини, Путинда эса иккинчи муддатдан кейин “ҳамма нарса қандайдир тарзда нотўғри кетди: ялпи ички маҳсулот икки баравар ошмагани, минимал иш ҳақи эълон қилинган рақамларга кўтарилмагани, ақлли ва меҳнатга лаёқатли одамлар Россияни оммавий тарк этишаётгани, ваъда қилинган барқарорликка эришилмаганини ёзган.

“Сиз ва сизнинг қўл остингиздагилар ишлатаётган риторика узоқ вақт давомида муросасизлик ва тажовузкорлик билан тўлиб-тошган ва бу охир-оқибатда мамлакатимизни “Совуқ уруш” даврига қайтарди. Россиядан яна қўрқиб, нафратлана бошлашди, биз яна бутун дунёга ядро қуроли билан таҳдид қиляпмиз”, дея давом этган “Ломоносов” муниципиал округи депутатлари.

Улар Путиннинг қарашлари ва унинг бошқарув модели “умидсиз равишда эскирган ҳамда Россия ва унинг инсон салоҳияти ривожланишига тўсқинлик қилмоқда” деб хулоса қилишяпти. Шу муносабат билан Москва муниципиал депутатлари Россия Президентидан “ўзини лавозимидан озод этишни” сўрамоқда.

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган ўша йиғилишда Ломоносов тумани депутатлари Москва мэри Сергей Собянинга ҳам мурожаат йўллади. Уларнинг таъкидлашича, Москвада маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизими амалда ишламаяпти, туман даражасида икки томонлама ҳокимият ривожланган, бу эса маҳаллий аҳоли ва уларнинг вакилларининг ҳар қандай ташаббусларига тўсқинлик қилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2251
Рейтинг: 3
t
×