Мопед ва скутер бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилиш муддати узайтирилди
Жамият
−
16 Апрель 17732 2 дақиқа
Ўзбекистонда мопед ва скутерни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаби жорий йил 1 октябргача кечиктирилди. Бу ҳақда жорий йилнинг 12 апрель куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва транспорт воситаларидан фойдаланиш талабларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Илгари жорий йил 1 мартдан мопед ва скутер бошқариш учун тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилиниши белгиланган эди. Энди бу талаб жорий йил 1 октябргача ортга сурилди.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 июль (Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида) ва 9 августдаги (Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида) қарорлари билан 1 мартдан мопед ва скутерларга янги талаблар жорий этилиши режалаштирилган эди.
Уларда мажбурий давлат рўйхатидан ўтиш, давлат рақами белгиларини олиш ва уларни бошқариш учун “А” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш белгиланган.
Юқоридаги қарор билан, шунингдек, эксплуатациядаги мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг амал қилиш муддати ҳам 30 сентябргача узайтирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам автомобиллари, электромототцикл, мопед ва скутер учун алоҳида давлат рақам белгилари жорий этилиши хабар қилинган эди.
Агар XIE типидаги рақам (яшил фонда ҳудуд коди билан икки қаторли белги) илгари мотоцикллар, скутерлар ва электр скутерлар учун чиқарилган бўлса, энди у электромотоцикллар учун берилади. Электродвигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ортиқ, бироқ 50 километрдан ошмайдиган икки ёки уч (тўрт) ғилдиракли бўлган квадротцикл (квадротцикл), тритцикл ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишига мослаштирилган бошқа транспорт воситалари скутерларга тенглаштирилди. Скутерда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ҳамда йўловчилар махсус мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари шарт.
Live
Барчаси