Молдова Россия газидан воз кечди

Олам

image

Молдова бундан буён Россиянинг “Газпром” компаниясидан газ сотиб олмайди. Бу ҳақда республиканинг Энергетика вазири Виктор Парликов Евро-Атлантика Барқарорлик форумида маълум қилди.

“Биз конституциявий ҳокимият назорати остидаги ҳудуд учун энди “Газпром”дан табиий газ сотиб олмаймиз”, деган Парликов.

Вазирнинг сўзларига кўра, республика газни Европа бозоридаги муқобил манбалардан харид қилишга муваффақ бўлган.

“Бундан ташқари, биз буни “Газпром” билан шартномада кўрсатилган формуладан ҳам арзонроқ нархда амалга ошира олдик”, дея қўшимча қилган Молдова вазири.

Маълумот учун, 2021 йил октябрь ойида “Молдовагаз” ва “Газпром” ўртасида йилига 3,3 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича беш йиллик шартнома тузилган. Шартномани имзолаш шартларидан бири Кишинёв томонидан газ учун қарзни тўлаш эди, “Газпром” уни 709 миллион долларга баҳолаган (қарзнинг умумий ҳажми 433 миллион доллар). Бироқ “Молдовагаз” бор-йўғи 8,6 миллион доллар тўлашга тайёр эканини билдирган.

Норвегиянинг Wikborg Rein Advokatfirma AS ва Британиянинг Forensic Risk Alliance томонидан ўтказилган аудит натижаларига кўра, 1991 йилдан 2002 йил декабригача бўлган етказиб бериш учун қарийб 278 миллион доллар қарзни ҳужжатлар йўқлиги сабабли тасдиқлаш мумкин бўлмаган.

Бундан ташқари, инспекторларнинг аниқлашича, Молдовадан ўз вақтида тўламаганлик учун асоссиз юқори жарималар ундирилган, Молдова лейи қадрсизланиши туфайли қарз кўпайган ва "Газпром" маҳаллий активларни бозор нархларида сотиб олмаган.

Аудиторлар хулосасида кўрсатилишича, қарзларнинг катта қисми ҳисобдан чиқарилиши керак. Ўз навбатида, Кишинёв “Газпром” Транс-Болқон қувуридан “Турк оқими”га ўтгани сабабли йўқотилган транзит даромадлари учун тахминан 160 миллион доллар талаб қилиши мумкин.

Қарзни тўлаш бўйича келишмовчилик юзага келганидан сўнг, “Газпром” хорижлик аудиторларнинг хулосасини рад этган ва Молдовага газ етказиб беришни икки баравар қисқартириб, буни Украина томони экспорт қувурига иккита кириш нуқтасидан бирини тўсиб қўйгани билан изоҳлаган. 

Жорий йилнинг сентябрь ойида Молдова “Газпром”га Кишинёв олдидаги барча қарзлардан кечиш шарти билан келишув битимини тузишни таклиф қилган, Бироқ "Газпром" бу таклифни рад этди.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Россия Молдова Газпром

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг