МОҚда тезкор йиғилиш ўтказилди
Спорт
−
31 Май 2019
5609Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов 30 май куни республика спорт федерациялари ва ассоциациялар иштирокида Токио-2020 ёзги олимпиада ўйинларига тайёргарлик юзасидан тезкор йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар тарқатди.
Бунга қадар, МОҚ раҳбари 10 кун давомида барча спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар фаолияти билан яқиндан танишиб чиқди. Спорт базалари ва у ерда яратилган шароитларни бевосита бориб кўрди. Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси биносида бўлиб ўтган бугунги йиғилишда кўрилган асосий масала айнан текширув ҳулосаларига бағишланди.
Ушбу йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги вакиллари, МОҚ мутасаддилари, барча федерация ва ассоциациялар масъул раҳбарлари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Рустам Шоабдураҳмонов бунгача кўздан кечирган барча жойлар юзасидан ўз хулосасини билдирар экан, баъзи федерацияларда яратилган шароитларга салбий баҳо берди.
“Барча федерацияларнинг ўқув-машғулот базаларига ташриф буюриб, спортчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб чиқдик. Аҳвол ижобий эмас. Тўғри,бир қатор федерациялар борки, уларда терма жамоа аъзолари учун жуда яхши шароитлар яратилган. Лекин кўп жойларда ҳатто спортчиларнинг яшаши учун элементар шароит ҳам йўқ. Ҳукуматимизга раҳмат, биздан керакли моддий ёрдамини аямаяпти. Биз эса ўз навбатида фурсатни бой бермай, зудлик билан барча шароитларни яхшилаб олишимиз зарур”, деди МОҚ президенти.
Терма жамоалар учун халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, спортчиларнинг кучли спарринг рақиблар билан баҳслашиб, маҳоратини янада тоблаб боришлари учун зарур шароитларни яратиб бериш ҳусусида фикр билдирар экан МОҚ раҳбари шундай деди:
“Менга бокс федерациясидан Куба терма жамоаси билан қўшма ўқув-машғулот йиғини ташкил этиш бўйича таклиф билдиришди. Буни тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашган ҳолда ҳал қиламиз, керакли шароитларни яратиб берамиз. Қачонгача спортчиларимиз бир-бирларига спарринг рақиб бўлади? Марҳамат, ҳар бир федерация мана шундай қизиқарли ва яхши таклиф билан чиқсин. Ахир Миллий олимпия қўмитаси сизлар учун фаолият олиб боради”, деб айтиб ўтди Рустам Шоабдураҳмонов.
Йиғилиш давомида узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларини мунтазам ташкил қилиш, улар сифатига эътибор қаратиш, моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш борасидаги масалалар бўйича мутассадиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Ўз навбатида федерация масъуллари ҳам жаҳон стандартларидан келиб чиққан ҳолда ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь