Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари ортидан давлат ғазнаси қанчага бойиди?
Жамият
−
24 Май 2021
9670Ўзбекистонда кўпчилик одамларнинг норози бўлишига қарамай, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини тўлов эвазига рўйхатдан ўтказиш бошланганига ҳам мана икки йил тўляпти. Бу тартиб мобил қурилмаларнинг ўғирланиши ва мамлакатга контрабанда телефон аппаратлари кириб келишига қарши кураш сифатида жорий қилинганди. Аммо яхши мақсаддаги хизмат негадир одамларга текинга эмас, тўлов эвазига кўрсатила бошланди.
QALAMPIR.UZ ўтган давр мобайнида қанча мобил қурилмалар IMEI-кодлари рўйхатга олингани, бунинг ортидан давлат ғазнасига қанча пул тушганини билиш мақсадида Ўзбекистон Телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази Давлат унитар корхонасига сўров хати юборганди. Ушбу сўров хатига жавобан Марказ ташкил этилганидан бери қанча IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилгани ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.
“Мобил курилмаларни ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш Тизимида Республикамиз ҳудудига олиб келинган мобил қурилмаларнинг сони эмас, балки мурожаатлар асосида рўйхатдан ўтказилган мобил қурилмалар сонининг ҳисоби юритилади. Тизимда рўйхатдан ўтказилган мобил қурилмаларнинг сонини республикамизда фойдаланишдаги мобил қурилмаларнинг сони деб ҳисобланмайди, сабаби Тизимда рўйхатдан ўтказилган мобил қурилмалар сотувга чиқарилган, лекин фойдаланилмаган ҳолатда бўлиши мумкин”, дейилади Марказ жавобида.
Шунингдек, Марказ берган маълумотга кўра 2019 йил 1 апрелдан – 1 ноябрга қадар 42,61 млн. дона IMEI-кодлар автоматик тарзда мобил алоқа операторлари тармоқларига улаш (активлаштириш) орқали бепул асосда рўйхатдан ўтказилган.
2019 йил 1 ноябрдан – 1 декабрга қадар 1,47 миллион дона IMEI-кодлар Низомга мувофик жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали бепул асосда рўйхатдан ўтказилган.
Бундан ташқари, Тизим жорий қилингандан буён жорий йил 1 майга қадар Тизим оператори томонидан жами — 8,3 миллионта IMEI-кодлар рўйхатдан ўтказилган, шундан:
• импортёрлар томонидан — 3,8 миллионта;
• маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан — 680 мингта;
• жисмоний шахслар томонидан — 3,8 миллионта.
Шунингдек, Марказнинг хабар беришича жорий этилган тизим ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар таъсирида мобил қурилмаларни импорт хажми ортмоқда. Хусусан, мобил қурилмалар импорти 2018 йилда (1,8 млн.долл.) 13,5 минг дона, 2019 йил давомида эса 540,8 минг дона мобил алоқа воситалари импорт қилинган бўлса, шундан 460,9 минг дона қурилма (85,2 фоизи) 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида, яъни Тизим жорий қилингандан кейин импорт қилинган. 2020 йилда ушбу кўрсаткич 1,5 миллион донадан ошган.
Мобил қурилмалар импортидан Давлат бюджетига мажбурий тўловлар 2018 йилда 5,1 млрд. сўмни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда (асосан ноябрь-декабрь ойларидаги тушум ҳисобига) 7 баробарга (35,7 млрд сўм), 2020 йилда эса 50 баробарга (250 млрд сўмдан ортиқ) ошган. Мазкур тизим мобил қурилмаларни рўйхатга олиш жараёнида мобил қурилма IMEI-кодларини аниклаш ва фаоллаштириш мақсадида амалга оширилади. Мобил қурилманинг қайси тизим орқали ишлаши (iOS ёки Android) тизимнинг ишлаш талабларига кирмайди.
Маълумот ўрнида, республика худудида мобил қурилмаларни IMEI-кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш тизими Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб келинадиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 778-сон қарорига мувофиқ жорий қилинганди. Шунингдек, мобил қурилманинг IMEI-коди рўйхатдан ўтган-ўтмаганини текшириш uzimei.uz сайти орқали амалга оширилиши белгиланган.
Шохрух Олимжонов
LiveБарчаси