1 апрелдан Ўзбекистонда мобил қурилмаларни IMEI бўйича рўйхатга олиш бошланади
Жамият
−
30 Март 2019
97042019 йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонда мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимининг жорий этилиши бошланади. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимининг оператори сифатида “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” ДУК белгиланган бўлиб, мазкур корхона негизида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими ўрнатилди. Мазкур тизим Ўзбекистон Республикасининг барча GSM-операторлари тармоқларига уланган бўлиб, улар ўртасида “онлайн” режимида ўзаро маъулумот алмашиш имконини беради. Шунингдек, мазкур тизим импорт қилинадиган мобил қурилмаларнинг регистратори вазифасини бажаради.
1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон GSM-операторлари тармоқларида фойдаланиладиган барча мобил қурилмаларнинг автоматик тарзда рўйхатга олиш амалга оширилади.
Қурилмани автоматик рўйхатдан ўтказганлик учун ҳақ олинмайди.
Маҳаллий GSM-операторлар тармоғида ўзининг мобил қурилмасидан фойдаланаётган абонентлардан уларга тегишли қурилмани рўйхатдан ўтказиш учун ҳеч қандай ҳаракатлар талаб этилмайди – рўйхатга олиш ҳаракатлари тизим оператори ва алоқа операторлари томонидан амалга оширилади.
Ҳисобга олиш ва қурилмани рўйхатдан ўтказиш тизими қуйидагилардан фойдаланишни чеклашга имкон беради:
1) контрафакт қурилмаларни – яъни IMEI-коди қурилманинг ҳақиқий моделига мувофиқ келмайдиган қурилмани,
2) ўғирланганлик ёки йўқотганлик сабабидан “қора рўйхат”га кириб қолган қурилмани,
3) божхона назоратидан ўтмаган қурилмаларни.
Телефон сотиб олишдан аввал қурилма IMEI-коди мақомини тўғрилигини – UZIMEI.UZ тизимининг расмий сайтида текшириб олиш тавсия этилади.
Ҳисобга олиш ва рўйҳатдан ўтказиш тизими, шунингдек, GSMA ассоциацияси билан ахборот алмашинувини ўрнатишга, қолаверса, ўғирланган ёки йўқолган абонент қурилмалари рўйхати алмашинувини йўлга қўйиш имконини беради.
Ҳозирги пайтда GSMA базасига 43 мамлакатнинг 118 та мобиль оператори уланган. Бельгия, Чили, Коста-Рика, Кипр, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Гана, Венгрия, Ирландия, Италия, Мальта, Норвегия, Португалия, ЖАР, Швеция, Буюк Британия, Венесуэла шулар жумласидандир. GSMA билан ахборот алмашинуви бошқа мамлакатлар ҳудудида ўғирланган ёки йўқолган қурилмаларни ишлатишни чеклаш имконини беради. Айни пайтда, Ўзбекистон ҳудудида ва аксинча GSMA’га аъзо компаниялар тармоқларида Ўзбекистон Республикасининг “қора рўйҳати”га киритилган қурилмаларни ишлатишнинг имкони бўлмайди.
Мобил терминалларни ҳисобга олиш назорати тизими қуйидагиларга имкон беради:
Абонент қурилмаларидан фойдаланиш ёки ўғирланган қурилмалар билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш ва аниқлаш.
Ўзбекистон Республикасига ноқонуний, контрабанда йўл билан абонент қурилмаларини олиб келинишини чеклаш.
Харидорларга абонент қурилмаларини сотиб олиш пайтида уларнинг мақомини текширишга, харид қилинаётган маҳсулот сифати ва сервис хизмати кафолатини таъминлашга ёрдам бериш.
Хавфсизлик талабига жавоб бермайдиган контрафакт абонент қурилмаларидан фойдаланишни камайтириш ҳисобига фуқаролар соғлиғини ҳимоялаш.
Контрабанда ва контрафакт абонент қурилмалари ноқонуний айланмасининг пасайиши ҳисобига телекоммуникация бозорида соғлом рақобатни таъминлаш.
Қайд этилишича, Вазирлик 2019 йил мобайнида Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари учун ноқулайлик туғилишининг олдини олиш ва аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида кенг тушунтириш ишларини йўлга қўяди.
LiveБарчаси