Мисрда президентлик сайлови бошланди

Олам

image

Мисрда президентлик сайлови бошланди. Сайлов мамлакат ҳудудида уч кун – 12 декабрга қадар давом этади. Миллий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овоз бериш натижалари 18 декабрь куни эълон қилинади.

Комиссия сиёсий тадбирда сайлов ҳуқуқига эга 67 миллионга яқин фуқаро иштирок этиши мумкинлигини айтган. Овоз бериш жараёни эса соат 9:00 дан бошланиши қайд этилган. 

Бўлажак сайловларни барча даражадаги 15 минг нафар кузатувчи кузатиб бориши, уч кун давомида сайлов комиссиялари ва қўмиталарда иш юритиши кутилмоқда. 

Уларнинг асосий вазифаси умумий овоз беришнинг учинчи куни, яъни 12 декабрь оқшомида бошланадиган овозларни санаб чиқиш жараёнини текширишдан иборат бўлади.

Расмий равишда Мисрда жорий президентлик сайлови мамлакатдан ташқарида доимий ёки вақтинча яшовчи мисрликлар учун 1 декабрь кунидан бошланган. 30-ноябрь санасида ҳам маҳаллий вақт билан соат 9:00 да Янги Зеландия ҳудудида истиқомат қилувчи Миср фуқаролари овоз бериш учун ўз элчихоналарига борган.

Миллий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, дунёнинг 121 давлатида жами 137 та сайлов комиссияси тузилган.

Сайловга амалдаги президент ас-Сисидан ташқари яна 3 та партия лидерлари ўз номзодини қўйган.

Эътиборлиси, Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳам президентликка номзод бўлиш ҳуқуқини қўлга киритган. Уларнинг ҳеч бири ёшлар ва аҳолининг бошқа кенг қатлами орасида жиддий қўллаб-қувватловга эга эмас.

Номзодлардан бири – 66 ёшли сўл мухолифатчи Фарид Заҳрон Миср социал-демократик партиясини бошқаради. Унинг сиёсий платформасида йирик лойиҳалар ва корхоналарда, жумладан, Сувайш каналида иқтисодий активларга давлат эгалигини чеклашга аҳамият берилади.

71 ёшли Абдул-Санад Ямама “Янги Вафд” партияси томонидан кўрсатилган. Ҳуқуқшунос ва халқаро ҳуқуқ профессори мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш, жумладан, президентлик муддатини икки тўрт йиллик муддат билан чеклаш тарафдори бўлиб, эркин иқтисодиётни барпо этишга ёрдам берадиган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.

Учинчи номзод, "Халқ" партиясини бошқараётган 59 ёшли Ҳазем Умар соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва савдони ривожлантиришни ваъда қилмоқда.

Сайлов кампанияси президентликка номзодлар учун рамзларни тасдиқлади: амалдаги президент учун юлдуз, Заҳрон учун қуёш, Ямама учун пальма ва Умар учун нарвон.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжонда президентлик сайловига старт берилгани ҳақида хабар қилган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср президентлик сайлови

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг