Мисрда Президентга қарши намойишлар бошланди (видео)
Олам
−
21 Сентябрь 2019
5076Кеча, 20 сентябрь куни мисрликлар Қоҳира ва бошқа шаҳарларда кўчага чиқиб норозилик намойишини бошлади. Улар мамлакат Президенти Абдул Фаттох ас-Сисининг истеъфога чиқишини талаб қиляпти. Бу ҳақда “Ал-Жазира” телеканали хабар берди.
Намойишчилар 2011 йилда юз берган инқилоб шиорини такрорлаяпти: “Халқ тузум ағдарилишини истаяпти”. Намойиш видеолари Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқларда тарқаляпти.
Араб нашри маълумотига кўра, полиция бир неча кишини ҳибсга олган, бироқ намойишларга тўла равишда аралашмаган. Президент ас-Сиси БМТ Бош ассамблеясида иштирок этиш учун Қоҳирадан Нью-Йоркка учиб кетганди.
Намойишлар икки етакчи футбол клублари “Замалек” ва “Аҳли” ўртасидаги ўйиндан кейин тадбиркор ва актёр Муҳаммад Алининг чақируви билан бошланди. У Мисрни бир неча ҳафта илгари тарк этганди. Муҳаммад Али бир неча йиллар давомида армия билан шартнома асосида ишловчи пудратчи бўлган ва унинг таъкидлашича, бажарган сўнгги шартномаси бўйича пулларини ололмаган. У Испанияга қочиб кетиб, Президент ва армияни коррупцияда айблади.
Муҳаммад Алининг Ҳукуматни фош қилиши Facebook ва Twitter`да миллионлаб кўрилди. Шу ҳафтада Муҳаммад Али мисрликларни кўчага чиқишга ва ўз норозилигини билдиришга чақирди. Миср Президенти Муҳаммад Алининг видеосини жавоб сиз қолдирмади. Ас-Сиси уни ёлғончиликда айблади.
Эслатиб ўтамиз, “Ал-Жазира” телеканали 2013 йилда Муҳаммад Мурси ағдарилгач, Мисрда тақиқлаб қўйилган. Мисрнинг янги Ҳукумати телеканални “Мусулмон биродарлар” ташкилоти билан ҳамкорлик қилишда айблаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь