Мирзиёевнинг ютиш эҳтимоли юқори, қолганлар унга тенг ҳам келолмайди – Кушербоев Президент сайлови ҳақида

Интервью

Ўзбекистонда октябрь ойида кутилаётган навбатдаги Президент сайловига амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз номзодини қўйса, одамлар катта эҳтимол билан уни сайлайди ва бошқа партиялар шунчаки иштирокчи бўлиб қолаверади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди. 

“Мен бир нарсани биламан. Aмалдаги давлат раҳбари яна бир марта ўз номзодини қўйиш ҳуқуқи бор. Катта эҳтимол билан шу ҳуқуқдан фойдаланади. Aгар бундан фойдаланишса, қолган партиялар кимни номзодини қўйишидан қатъи назар, улар шунчаки иштирокчи бўлади, холос. Фикрим шундай. Шу жумладан “Миллий тикланиш” партияси ҳам”, дейди Расул Кушербоев.

Депутат сўзида давом этаркан, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодировнинг QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсини кўргани, бироқ ундан Президент бўлишга ҳақиқий интилишни, даъвони ва бунинг учун таклифларни, ютамиз деган гапни эшитмаганини, ўзига ишончи йўқлигини айтади. 

Қодиров интервьюда ўзгартириш ҳақида гапирганди. Бунга жавобан Кушербоев шундай дейди:

“Нимани ўзгартиради?! Aгар бу партия номзоди сайланмаса, нимани ўзгартиради?! Ўзлари партияда “рычаг” бўлиши керак”. 

Кушербоевга кўра, Қодиров амалдаги Президент ва амалдаги Ҳукуматнинг фаолиятидаги хато ва камчиликларни кўрсатиб беролмаган. Муаммоларга ечим таклиф этмаган.

“Гап ЎзЛиДеПнинг сайлови ҳақида кетмаяпти. Гап Президентликка сайлов ҳақида кетяпти. Aмалдаги Президент нима хатоларга йўл қўйди, партия бирма-бир санаб чиқдими? Яъни Президентликка номзод олиб чиқадиган сиёсий куч амалдаги Президент даражасидаги салоҳиятли кадрлар билан чиқиши керак”, дейди Кушербоев. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига биноан амалдаги давлат раҳбари иккинчи муддатга сайланиши мумкин. Кушербоевга кўра, агар Мирзиёев сайловда номзод ўлароқ иштирок этса, қолган рақобатчилари унга тенг келолмайди ҳам. 

“Амалдаги давлат раҳбари ўз номзодини қўйса, ютиш эҳтимоли жуда юқори. Қолганлар рақобатлашиш, мос келиши даражасига ишонмайман. Қатъиятлироқ бўлиш ва қатъий масалаларни қўйиш керак.

Партия лидерининг гапини эшитиб, унинг ўзида ҳам журъат кўрмадим. Сайлов бўлади, номзодлар қўйилади, танлов имконияти бўлади. Кимдир кўп, кимдир кам овоз олади. Энг муҳими одамларга сайлов кабиналари ташкил қилиняпти. Улар сайлашади. Гап номзод бўладиган одамнинг қанчалик қатъиятлилиги ва одамларни ишонтира олишида”, дейди депутат.

Эслатиб ўтамиз, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси раиси Актам Ҳаитов ҳам QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида Президент сайловида ЎзЛиДеПнинг номзоди катта эҳтимол билан Шавкат Мирзиёев бўлишини айтган эди. 

Расул Кушербоев билан тўлиқ интервьюни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида ёки қуйидаги видеоплеерда томоша қилишингиз мумкин


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Президент сайлови

Баҳолаганлар

297

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг