Мирзиёевнинг янги Матбуот котиби ўзига ҳисобдор ҳамкасблари билан учрашди

Жамият 2981
image

Бундан икки ҳафта аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби – Президент Администрацияси раиси ўринбосари лавозимига тайинланган Шерзод Асадов бугун, 7 апрель куни вазирлик ва идораларнинг матбуот котиблари билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув Асад Хўжаев раҳбарлик қилиб келаётган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган. 

Қайд этилишича, учрашувда матбуот хизматлари фаолияти, уларнинг журналист ва блогерлар билан ҳамкорлиги даражаси таҳлил қилинган.

“Кейинги беш йилда мамлакатимизда буткул янги – давлат идоралари ва ташкилотларининг матбуот котиблари институти шаклланган бўлиб, уларга кенг ваколат ва имкониятлар тақдим этилгани алоҳида қайд этилди. Эндиликда уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, ўзлари ишлаётган ташкилотнинг очиқлигини таъминлаш ва ислоҳотлар натижасини аҳолига етказишдаги ролини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, айрим вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматлари суст ишлаётгани кўрсатиб ўтилди”, дейилади Президент Матбуот котибининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида берилган хабарда. 

“Айрим танқидлар, саволлар очиқ қолаяпти. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда чиқаётган танқидий материалларга тезкор муносабат билдириш, аҳолига тўлиқ ахборот бериш шарт. Бу бўйича катта ишларни амалга оширишимиз, ҳамкорлик вертикалини яратишимиз керак. Бунинг учун Президент матбуот хизмати доимо очиқ”, деган Шерзод Асадов.

Учрашувда Президент Матбуот котиби билан давлат идоралари матбуот котиблари ўртасида тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш механизми келишиб олингани айтилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 март куни Асадовни ўзининг Матбуот котиби лавозимига тайинлаётиб, бундан буён барча вазирлик ва идораларнинг матбуот котиблари Асадовга ҳисобдор бўлишини айтган эди. 

 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 27
Рейтинг: 3.2
t
×