Мирзиёевнинг сайловолди дастури: “Гепатит С” 100% давлат ҳисобидан даволанилади

Жамият

image

ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида “Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўйилишини маълум қилди. 

“Қадрли фарзандларим, бир нарсадан кўнглингиз тўқ бўлсин: сизларнинг қобилият ва истеъдодингизни рўёбга чиқариш учун биз бундан буён ҳам барча шароит ва имкониятларни албатта яратиб берамиз. Ҳаётда ўз исботини топган бир ҳақиқат доим ёдимизда туриши зарур: фақат соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодир бўлади. Бундан олти-етти йил олдин, афсуски, ўн минглаб беморлар гемодиализ, онко-гематология ёрдамидан фойдаланиш учун кунлаб, ойлаб навбат кутганлари, қанчаси бу хизматларга етиб бора олмагани аччиқ ҳақиқат. Ёки эшитиш қобилияти заиф, юрак нуқсони ва ирсий касаллиги бор минглаб болаларга ўз вақтида махсус тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳам ҳеч кимга сир эмас”, дейди амалдаги Президент.

Дастурга кўра, республикада ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятлар ишга солинади.

Бунинг учун, 2030 йилга қадар:

  • оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш;
  • онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса, 2,5 баробар камайтириш асосий вазифа бўлади.

“Биз тиббиёт соҳасида катта ислоҳотларни бошладик. Бунинг натижасида вазият тубдан ўзгарди. Энди бундай беморлар учун замонавий шифохоналар ҳам, малакали мутахассислар ва даволаш учун маблағимиз ҳам етарли. Лекин аҳолимизни тиббиёт тизимидан рози қилиш учун, ҳали жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, дастурда 120 минг нафар онкология, 350 минг нафар диабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш, “Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўйиш, “туберкулёз” билан касалланиш даражасини юз минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтириш келтирилган.

Бундан ташқари, дастурда келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилиши қайд этилган.

Шу билан бирга, онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, мамлакатда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади. Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.

“Лекин, аҳолимизни тиббиёт тизимидан рози қилиш учун, ҳали жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак. Юртимизда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятларни ишга соламиз”, дейди Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев сайловолди дастур Гепатит С

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made