Мирзиёевнинг Қирғизистонга сафари кун тартиби эълон қилинди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрига ташриф буюради.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан амалга ошириладиган ташриф кун тартиби ҳақида маълумот берди. 

Маълум қилинишича, Қирғизистон раислигида ўтадиган саммит ишида Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон Президентлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, минтақа мамлакатлари етакчиларининг учрашуви кун тартибидан турли йўналишларда, шу жумладан савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Алоҳида эътибор Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва изчил тараққиётига замонавий таҳдид ва хатарларга биргаликда қарши туриш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади.

Саммит якунида бир қатор муҳим кўп томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Таъкидланишича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.

Минтақа етакчиларининг биринчи саммити 2018 йил март ойида Нур-Султон шаҳрида, иккинчиси 2019 йил ноябрда Тошкент шаҳрида, учинчиси ўтган йилнинг август ойида Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

194

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг