Мирзиёевнинг Германияга ташрифи якунланди (фоторепортаж)
Жамият
−
04 Май 2023
10280Германияга ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Берлин шаҳридаги жаҳонга машҳур Жеймс Симон галереясида “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача” номли ноёб кўргазмани очди.
Мирзиёев очилиш маросимида икки мамлакатда халқларимизнинг бой маданий мероси ва бугунги ютуқларига қизиқиш ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
“Кўргазманинг очилиши Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги маданий алоқаларда диққатга сазовор воқеа бўлди. Унинг ўтказилиши ҳақида Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 2019 йил майдаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида келишилган эди”, дейилади хабарда.
Баён этилишича, қарийб тўрт йил давомида икки мамлакат археологлари, тарихчилари, санъатшунослари ва музей ходимлари тадбирни ташкиллаштириш устида меҳнат қилган. Германиялик мутахассислар иштирокида 50 га яқин энг қимматли осори-атиқалар реставрация қилинган.
2024 йил 14 январь кунига қадар давом этадиган кўргазмада Берлин давлат музейлари тўпламларидан 65 та ва Ўзбекистон музейлари тўпламларидан 285 та экспонат намойишга қўйилган. Уларнинг кўпи Ўзбекистондан ташқарида илк бор кўрсатилмоқда.
Кўргазма мамлакатнинг қадимий ва бой маданияти, бугунги Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудида жойлашган илк давлатларнинг милоддан аввалги VI асрдан милодий IV асргача даврини қамраб олган тарихи ҳақида сўзлайди.
Бу ердаги дурдоналар орасида Кушон салтанатининг Далварзинтепа ва Ҳолчаён қўрғонларидан топилган аслзодалар, аскар ва бадавлат аёллар ҳайкаллари бор.
Ушбу бетакрор экспозиция ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон тарихи билан танишиш, ўзбек халқи мероси тўғрисида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Тадбир Ўзбекистон ва Германия халқларининг янада яқинлашиши ва бир-бирини англашига, икки мамлакат ўртасидаги кенг мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликнинг ривожланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германияга ташрифи муносабати билан икки мамлакат делегациялари аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари иштирокида қабул маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга икки кунлик ташрифи якунланди.
Берлинда давлат раҳбари ГФР Канцлери Олаф Шольц ва Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан музокаралар ўтказди.
Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.
Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, “Берлин-Бранденбург” аэропортида олий мартабали меҳмонни Германиянинг расмий шахслари кузатиб қўйди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германияга икки кунлик ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
LiveБарчаси