Мирзиёевга Кореядан таклиф келди
Жамият
−
10 Август 2019
11722Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошлиқ парламент делегацияси Корея Республикасига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбаева бошчилигидаги парламент делегациясининг Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.
Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси парламенти делегациясини қутлар экан, жорий йил апрель ойида Ўзбекистондаги илиқ ва самимий қабул учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга яна бир бор ўз миннатдорлигини билдирди.
Мун Чжэ Ин Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва янгиланишларга юқори баҳо берди.
Корея Республикаси Президенти икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар барча йўналишларда фаол ривожланаётганлигини мамнуният билан қайд этди. Давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин ва ишончли алоқалар Ўзбекистон-Корея муносабатлари алоҳида стратегик шерикликнинг янги поғонасига кўтарилишига замин яратди.
Учрашувда Мун Чжэ Ин ташриф доирасида эришилган келишувлар муваффақиятли рўёбга чиқарилаётганини, Ўзбекистонда уларни амалга ошириш учун мониторинг гуруҳи ташкил этилганини таъкидлаб, бу борада юзага келадиган барча масалаларни шахсан ўзи ҳал этишга тайёр эканини билдирди.
Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаётганлигини таъкидлар экан, Корея етакчиси Ўзбекистонда корейс миллати вакилларига кўрсатилаётган илиқ муносабат учун Ўзбекистон халқига яна бир бор ўз ташаккурини изҳор қилди.
Учрашув якунида Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси Президентига чуқур ҳурмати ва эҳтиромини изҳор қилди, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга умид билдирди ва Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасига ташриф буюришини таклиф қилди. Бу, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга туртки беради.
LiveБарчаси