Мирзиёевани Қорақалпоғистонда қандай муаммолар кутиб турибди?
Жамият
−
07 Сентябрь
39357Қорақалпоғистонда қандай муаммолар бор? Жорий йилнинг 19 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонни ривожлантиришни шахсан қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёевага топширган эди. Хўш, Мирзиёева ҳудуднинг ривожланиши учун қайси муаммоларга ечим топиши керак? QALAMPIR.UZ буни қорақалпоғистонликларнинг ўзидан сўрайди.
“Бизда ишсизлик бор. Бундан ташқари, чекка қишлоқларни газ ва чироқ ўчиши муаммоси қийнайди. Шунингдек, йўллар таъмирталаб. Қаёққа қараманг, йўллар ўнқир-чўнқир”, деди қорақалпоғистонликлардан бири.
“Қорақалпоғистонда ишсизлик кўп ҳозир. Одамлар ишлайман деса, топса бўлади, лекин барибир яна иш ўрнини кўпайтириш керак. Масалан, мен ошпазман. Биз учун ҳам яхши, расмий ҳужжат асосида иш кўпайса, яхши бўларди. Биз ҳозир норасмий тарзда ресторанда ишлаймиз. Шундай ишларни ҳам расмийлаштиришнинг имкони бўлса, яхши бўларди”, деди яна бир фуқаро.
“Қорақалпоқларни биринчи ўринда ишсизлик қийнамоқда. Кўп одам олий ўқув юртларида ўқиб, диплом олиб иш топай, деб ўқияпти. Лекин иш тополмаяпти”, деди бошқа бир респондент.
Саволимизга жавоб берган йўловчилардан яна бири эса Қорақалпоғистондаги энг катта муаммо сувсизлик эканини айтди. Унинг гапини эса бошқаси тасдиқлади.
“Йўл, “свет” ва газ муаммолари бор. Бундан ташқари ҳамма нарса қиммат”, деди бозордаги харидорлардан бири.
Аммо айрим қорақалпоқлар учун муаммо йўқ. Улар ҳудуддаги муаммоларни “катта эмас” деб ҳисоблайди.
“Бизда тез тиббий хизмат бемалол келиб, бемалол кетади. Йўллар бемалол, автобуслар қатнови ҳам бемалол. Пенсиялар вақтида берилади. “Свет” ва газ ўчмайди. Ҳамма нарса ўз ўрнида”, деди Нукусда яшовчи аёл.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё қорақалпоқларининг Нукусда йиғилиши бўйича видеорепортаж эълон қилинган эди.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси