Мирзиёева судлов механизми эркаклар ва амалдорларга келганда тўхтаб қолаётганини айтди

Жамият

image

Айни кунларда самарқандлик 25 яшар келиннинг 8 йилдан буён турмуш ўртоғи томонидан таҳқирланиши ортидан Ўзбекистон жамоатчилиги ўртасида гендер тенглиги масаласи яна кун тартибига чиққан. Шунингдек, журналистларга нисбатан таъқиб ҳам асосий масалалардан бири бўлиб турибди. 

Ушбу ҳолатларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, судлов механизми амалдорларга келганда ўз кучини йўқотмоқда. 

“Хотин-қизлар ва журналистларга нисбатан судлов механизми тезкор ва шиддатли бўлиб, бор кучи билан ишлаётганини кўриш мен учун оғир. Эркаклар ва амалдорларга келганда бу тизим кўпинча тўхтаб қолади. Бир вақтнинг ўзида ҳақоратларга муносиб жавоб учун озодликдан маҳрум қилиш ва саккиз йиллик хўрлик остида яшаганларни ярашув билан “жазолаш” мумкин эмас. Қиз болага ожиза ва итоаткор бўлгани учунгина буюмдек қараш, дили оғриган-оғримаганини унинг учун ҳал қилиш мумкин эмас. Шахсий фикри учун таъқиб қилиш мумкин эмас. Агар биз адолат тарафдори бўлсак, қонун иккала томон учун бир хил ишласин. Агар биз бахтли мамлакатда яшашни истасак, аёлларни эркаклар приоритетларидан, журналистларни эса босимдан ҳимоя қилишимиз керак.

Аёлларга келсак: қўлимизда бола бўлганида, ҳар бир жабҳада эркаклар билан тенглашиш биз учун шундоқ ҳам қийин, ҳар биримиз фарзанд туғилганида карьерамизнинг бир неча йилини йўқотамиз. Шунга қарамай, баъзан бизга яна айблов ҳам қўйишади”, дейди Саида Мирзиёева. 

Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева жорий йилнинг 24 июль куни учинчи фарзандини дунёга келтирди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

273

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг