Мирзиёев: “ЖСТга кириш бўйича масалалар ҳал қилинмоқда”
Жамият
−
04 Ноябрь 2020
9984Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида нутқ сўзлагани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон раҳбари нутқи давомида мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши борасида фикр билдириб ўтди.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Хитой Халқ Республикаси Раисининг савдо соҳасида барқарорликни таъминлаш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, шунингдек, турли мамлакатлар иқтисодиётларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш орқали глобал иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган янги стратегик курси Ўзбекистонда юксак баҳоланмоқда.
“Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг энг муҳим жиҳатларига тўхталишни истардим.
Биринчидан. Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни, шу жумладан ташқи савдо режимини либераллаштириш изчил амалга оширилмоқда.
Жаҳон савдо ташкилотига кириш ва янада қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича масалалар ҳал қилинмоқда.
Норматив-ҳуқуқий базамизни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш борасида фаол иш олиб бормоқдамиз. Божхона-тариф, фискал тартибга солиш ва экспорт-импорт процедуралари механизмларини такомиллаштиряпмиз, уларни сезиларли даражада соддалаштиряпмиз, “яшил йўлаклар”ни шакллантириш давом этмоқда.
Икки мамлакат бозорларида талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатурасини келишиш ва уларни ишлаб чиқариш лойиҳаларига инвестициялар йўналтирилишини рағбатлантириш таклиф этилади”, деган Президент Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатнинг ЖСТга қўшилиш жараёни 2019 йил июлда Ўзбекистон ЖСТга Ташқи савдо режими тўғрисидаги Меморандумни ташкилотга аъзолик аризасини кўриб чиқиш учун топширганидан кейин бошланганди. Ўтган йили Европа иттифоқи Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши учун 5 млн евро ажратди.
2020 йил июлида Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтганди. Йиғилиш давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши нуқтаи назаридан Республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида маърузаси тақдим этилган. Ушбу жараённинг қайта тикланиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганлиги ва мамлакатнинг кўп томонлама савдо тизимига қўшилиши орқали ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири эканлиги таъкидланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь