Мирзиёев Жанубий Корея Президенти билан учрашиб, уни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
3077Кеча, 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жанубий кореялик мавқедоши Юн Сок Ёль билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, учрашувда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея билан кенг кўламли ҳамкорликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш масалаларига тўхталган.
“Кейинги йилларда ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 24 фоизга кўпайди. Мамлакатимизда қарийб мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Кореядан инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан кўп йиллар давомида ҳамкорлик қилинаётгани, улар билан биргаликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани юқори баҳоланган.
“Учрашувда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан технологик ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш, инфатузилма, “яшил” энергетика, рақамлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олинди”, дейилган хабарда.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Корея Президенти Юн Сок Ёлни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилган.
LiveБарчаси