Мирзиёев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакили билан референдумни муҳокама қилди
Жамият
−
20 Апрель 2023
4887Бугун, 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) миссияси раҳбари Альберт Йонссонни қабул қилди ва у билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида референдумни юксак халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этишнинг турли жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган.
Манбага кўра, миссия раҳбари Альберт Йонссон Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида ўз аксини топган демократик янгиланишларни янада чуқурлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлашини билдирган. Мирзиёев эса ЕХҲТ билан сермаҳсул алоқалар, очиқ ва конструктив мулоқот йўлга қўйилганини қайд этган.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилда Ўзбекистонга ЕХҲТ раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау, ташкилот бош котиби Хельга Шмид, Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссар Қайрат Абдураҳмонов ҳам келган. ЕХҲТ ДИИҲБ экспертлари мамлакатдаги миллий сайлов тизимини модернизация қилишда, шу жумладан Сайлов кодексини ишлаб чиқишда иштирок этган. ДИИҲБнинг 2016, 2019 ва 2021 йилларда Ўзбекистонда бўлиб ўтган умумхалқ сайловларидаги кенг кўламли миссиялари якунида берилган тавсиялар ҳисобга олинган ва жорий қилинган.
LiveБарчаси