Мирзиёев ЕТТБнинг Самарқанд саммитида қатнашди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 17 май куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, ЕТТБнинг бундай йиғилиши Ўзбекистонда 20 йил аввал бўлиб ўтган. Шавкат Мирзиёев йиғилишнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлаган ҳамда кенгашнинг бу галги йиғилиши Самарқандда ўтказилаётганини Ўзбекистонга нисбатан ишонч ифодаси сифатида баҳолаган. 

Статистикага кўра, Ўзбекистон 2022 йилда банкнинг энг асосий бешта ҳамкоридан бирига айланган. Унинг мамлакатдаги лойиҳалар портфели 4 миллиард евродан ошган. Шундан 3,3 миллиард евролик лойиҳалар сўнгги тўрт йилда бошланган. Йиллик инвестиция ҳажми бўйича эса ЕТТБ Марказий Осиёнинг энг йирик бизнес шериги ҳисобланади. 

Давлат раҳбари ялпи сессияда халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтган.

Хусусийлаштириш ва хусусий сектор учун кенг шароитлар яратиш, инфратузилма, тиббиёт, таълим, транспорт, экология каби давлат ихтиёридаги соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш, “яшил иқтисодиёт”, айниқса, “яшил энергия” соҳаларини ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, янги агротехнологияларни жорий этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш шулар жумласидан.

Президент банк билан ҳамкорликда бу соҳаларда янги лойиҳа ва дастурлар амалга оширилишини маълум қилган. Шунингдек, банкни қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликдаги минтақавий лойиҳаларда иштирок этишга таклиф этган. 

“Бугунги халқаро анжуман Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш учун тарихий имконият яратмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон инвестиция тақдимоти ҳам ўтказилиб, бизнес соҳасида қандай имкониятлар борлиги кўрсатиб берилган. Бундан ташқари, анжуман сессияларида соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, транспорт, энергетика соҳаларида 40 дан ортиқ йирик хусусий шериклик лойиҳалари тақдимот қилинади.

Маълумот учун, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Самарқанд саммити 18 май куни якунланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ЕТТБ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made