Мирзиёев ЕОИИ давлатлари фуқароларининг Ўзбекистонга киришини осонлаштирмоқчи

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бу галги учрашувда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян онлайн форматда қатнашиб, йиғилишга раислик қилди. Учрашувда Беларусь резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, шунингдек, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат – Эрон Ислом Республикаси Саноат, конлар ва савдо вазири Саид Муҳаммад Отабак ҳам қатнашди. Куба Республикаси Президенти Мигель Диас-Канель эса иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.

Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида сўнгги йилларда Ўзбекистон кузатувчи сифатида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан 22 та йўналишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйганини таъкидлади. 2024 йилда Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошди. Октябрь ойида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 га яқин чора-тадбирларни ўз ичига олган янги уч йиллик ҳамкорлик режаси қабул қилинди.

Ўзбекистон, шунингдек, ЕОИИнинг савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги қатор тармоқ дастурларида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Мирзиёев ўзаро савдодаги савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этишга чақирди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасидаги савдода тариф ва нотариф чекловларни қўлламаслик масаласини экспертлар даражасида ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Ўзбекистон Президенти тадбир якунида имзоланаётган Ягона божхона транзити тизими тўғрисидаги битимда мамлакатнинг иштирок этиши, шунингдек, божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон маълумотлар алмашинувини тез фурсатда жорий этиш тарафдори эканини таъкидлади.

Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш дастурларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ва воситаларига қўшилишдан манфаатдорлик билдирилди.

“Қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун ишончли молиявий манбаларни шакллантириш мақсадида келгуси йил бошида тартиб-таомилларни якунлаб, Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқдамиз”, деди Президент.

Бизнесни янада фаол жалб қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ЕОИИ Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишини 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди. Мамлакатимизни ЕОИИнинг интеграциялашган ахборот тизимига ва "Рақамли иттифоқ" лойиҳасига улаш ташаббуси илгари сурилди.

Аграр соҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни енгиллаштириш, инновацион агросаноат лойиҳаларини амалга ошириш ва илмий ишланмаларни жорий этишга қаратилган кооперация дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

Сайёҳлик алмашинувларини рағбатлантириш мақсадида давлат раҳбари ЕОИИ давлатлари фуқароларига Ўзбекистонга ички ҳужжатлар билан кириш имконини берувчи тартибни жорий этишга тайёрлигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг