Мирзиёев ЕИ комиссарини қабул қилди
Жамият
−
18 Март
1229Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 март куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Жозеф Сикела бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Суҳбат аввалида Европа Иттифоқининг юқори даражали вакили Шавкат Мирзиёевга Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Антониу Коштанинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
“Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Уни изчил кенгайтириш учун катта имконият ва салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва EИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимнинг тез фурсатда имзоланиши ҳам бунга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, транспорт ва логистика, энергетика, рақамлаштириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди. Ўта муҳим минерал ресурсларни қайта ишлаш соҳасида ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, учрашувда жорий йил апрель ойи бошида Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё - ЕИ" биринчи саммити ва Иқлим форумини ташкил этиш ҳамда ўтказиш жиҳатлари кўриб чиқилди. Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Маълумот учун, Жозеф Сикела 12-18 март кунлари Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам ташриф буюриши кутилган эди. Унинг Марказий Осиёга саёҳати Туркманистон Республикасидан бошланди. Туркманистонда бўлиб ўтган учрашувлар давомида ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни амалий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Савдо муносабатларини ривожлантириш, транспорт алоқалари, энергетика хавфсизлиги, инновацион ва сармоявий фаолиятни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шу доирада Европа Иттифоқининг “Global Gateway” ташаббусини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Қолаверса, айнан ўша куни коммисарни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қабул қилди.
Шундан сўнг, Европа Иттифоқи комиссари ўз ташрифини Қозоғистонда давом эттирди. У ерда ҳам вакилни мамлакат Президенти Қосим Жомарт Тўқаев қабул қилди. Томонлар минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди. Халқаро майдонда, шу жумладан “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” формати доирасида ёндашувларни янада мувофиқлаштиришга ўзаро тайёрлик тасдиқланди.
Сикеланинг кейинги манзили Тожикистон бўлди. У, ташриф доирасида дунёдаги энг йирик энергетика инфратузилмаларидан бири бўлган Роғун гидроэлектр станциясига ташриф буюрди. Анъанага мувофиқ уни ҳам Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон қабул қилди. Икки ўртада Тожикистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар истиқболлари ҳамда долзарб минтақавий муаммолар муҳокама қилинган.
Жозеф Сикелани Қирғистондаги ташрифи доирасида кеча, 17 март куни мамлакат Президенти Садир Жапаров қабул қилган. Учрашувда стратегик ҳамкорликнинг асосий масалалари муҳокама қилинган. Президент Европа Иттифоқи Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери унинг ишончли ҳамкори бўлиб келганини таъкидлаган.
Шу куни у Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан ҳам учрашди.
LiveБарчаси