АҚШ вакили Мирзиёевга Трампнинг саломини етказди
Жамият
−
17 Март
2946Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 17 март куни Америка Қўшма Штатлари Конгресси аъзоси, Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича парламент кокуси иштирокчиси Кэрол Миллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.
Учрашув аввалида парламент аъзоси Ўзбекистон раҳбарига АҚШ Президенти, Конгресс раҳбарияти ва Ўзбекистон бўйича кокус аъзоларининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликда юқори даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилган. Билдирилишича, фаол сиёсий мулоқотлар ва идоралараро алмашинувлар давом этмоқда. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми бир неча баробар ортди, бизнес кооперацияси кучаймоқда.
Бундан ташқари, транспорт, божхона, миграция, маданият ва бошқа устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
“Кэрол Миллер Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегияси, жумладан, иқтисодиётни модернизация қилиш, демократик институтларни, энг аввало, парламентни мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ишлар натижаларини юксак баҳолади”, дейилади хабарда.
Иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни, шу жумладан тоғ-кон, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ҳудудларининг Америка штатлари билан шериклик алоқаларини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилган. Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ва Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, 14 март куни Шавкат Мирзиёев Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володинни қабул қилганди.
LiveБарчаси
Самарқандда даҳшатли авария содир бўлди.
24 Апрель