Мирзиёев “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланишини эълон қилди
Жамият
−
03 Февраль 2022
6527Жорий йилнинг 1 мартидан Ўзбекистонда “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Маълумки, 2021 йил ноябрда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Бунга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, деган давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда 1 мартдан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди. Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш, Автомобиль йўллари қўмитасига халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллар четида ихота дарахтзорлар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.
Мутасадди идораларга барча туман ва шаҳарларни қамраб оладиган “мобил эко патруллар” фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.
Йиғилишда соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларининг ахбороти эшитилди.
LiveБарчаси