Сунъий қор, 9 миллиардли темирйўл ва геноцид... Пекин Олимпиадаси рақамларда 

Спорт

image

Жорий йилнинг 4 февраль куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида ХХIV қишки Олимпия ўйинлари бошланади. Хитойнинг CGTN телерадиокомпанияси маълумотларига кўра 2022 йилги Пекин Олимпиадасининг расмий бюджети 3,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. 

Бу 2008 йилда айнан Пекинда ўтказилган ёзги Олимпиада харажатларидан 10-12 баравар кам. Ўша вақтдаги қийматга кўра 43 ёки тахминан 53 миллиард долларни ташкил этган (мусобақа учун ареналар ва шаҳар инфратузилмаси қурилишини ҳисобга олинган). Оксфордлик иқтисодчилар тадқиқотига кўра, Хитойнинг аввалги Олимпиада ўйинларига спорт билан боғлиқ расмий харажатлари 6,8 миллиард долларга баҳоланган (2015 йил нархларида).

Олимпия ўйинларини ташкил этишнинг ҳақиқий харажатлари дастлаб қайд этилганидан камида икки баравар юқори бўлган. АҚШ Кенгаши маълумотларига кўра, Олимпиада ўйинларига харажат бўйича рекорд Сочи шаҳрига тегишли (2014 йил) – бугунги қийматда деярли 60 миллиард доллар (спорт билан бевосита боғлиқ бўлмаган ўйинлар учун инфратузилма қурилишини ҳисобга олган ҳолда). Оксфорд тадқиқотчилари ҳам спорт билан боғлиқ харажатлар нуқтаи назаридан, йўллар, меҳмонхоналар, аэропортлар ва бошқаларга инвестицияларни ҳисобга олмаганда, Сочи учун рекорд миқдордаги сумма ажратилганини тасдиқлаган (2015 йил қийматида 21,8 миллиард доллар).

Халқаро Олимпия Қўмитаси томонидан Олимпиадага мезбонлик қилиш учун қанча маблағ ажратади?

Маълумки, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) анъанавий тарзда Ўйинларни ташкил этиш харажатларининг бир қисмини молиялаштиради. Қўмита 2022 йилги Олимпиада ташкилий қўмитасига 880 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган, Бу 3,9 миллиард долларлик расмий буджетнинг бир қисми бўлиб, 2018 йилда Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрига ҳам худди шунча ажратилган.

ХОҚ томонидан Олимпиадани қисман молиялаштириш трансляция ҳуқуқларини сотишдан ва глобал ҳомийлардан олинган даромадларни олишга имкон беради. Масалан, 2014 йилда ташкилот NВC телеканалига 2022 йилги Пекин Олимпиадаси ва 2024 йилда Париждаги ёзги ўйинларни кўрсатишнинг эксклюзив телеҳуқуқларини 2,5 миллиард долларга пуллаган.

Чипталар сотувидан қанча фойда кутилаётган эди?

Пандемиядан олдин ташкилий қўмита чипталар сотувидан 118 млн доллар даромад олишни кутаётган эди (France Presse маълумоти).

2021 йил сентябрь ойида Пекин Олимпиадаси ташкилотчилари коронавирус инфекциясининг олдини олиш мақсадида хорижлик сайёҳларни мусобақага киритмасликларини маълум қилган. 2022 йил январь ойида улар Хитой аҳолисига ҳам чипта сотишни тўхтатишга қарор қилга эди. Ўйинларга йўлланмалар фақат Хитой фуқароларининг айрим гуруҳларига, масалан, партия амалдорлари ва давлат компаниялари ходимларига берилади. Умуман олганда, спортчилар ва ёрдамчи ходимлар уларни кенг жамоатчиликдан қатъий равишда ажратиб, карантин “пуфакчаси”да бўлишади.

Халқаро Олимпия қўмитаси маълумотларига кўра, қишки ўйинлар учун рекорд даражадаги чипта даромадини 2010 йилда Ванкуверда бўлиб ўтган Олимпиада ташкилотчилари олган. Ўшанда 1,5 миллион дона чипта 250 миллион долларга сотилган.

9 миллиард доллар

Хитой ҳукумати Олимпиада ўйинлари учун тезюрар темир йўл қурилиши учун шунча маблағ ажратган.

2009 йилда Хитой Пекиндан Хебей провинциясидаги Чжанцякоу шаҳригача тезюрар (350 км/соат) поезд учун темир йўл қуришни бошламоқчи эди. Иш 2014 йилда, Пекин қишки ўйинларни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритишдан олдин бошланган (яъни, бу лойиҳа Олимпиадасиз ҳам амалга оширилган бўлар эди). Шунга қарамай, Олимпиада Пекин-Чжанцякоу темир йўли лойиҳасини амалга оширишга таъсир қилувчи муҳим омил бўлди.

Темир йўл 2019 йил охирида очилган ва автопилот функциясига эга бўлган дунёдаги биринчи транспорт бўлади. Энди у конькида учиш, хоккей, кёрлинг ҳамда Олимпиаданинг очилиш ва ёпилиш маросимларига мезбонлик қиладиган Пекинни тоғ чанғиси, бобслей, биатлон ва чанғи спортига мезбонлик қиладиган Чжанцякоу билан боғлайди.

45 та маҳаллий ҳомийлар

Пекин Олимпиадасининг ташкилий қўмитаси кўплаб ҳомийларни жалб қилди.

Айни пайтда 2022 йилги Олимпиада ташкилий қўмитаси 45 та тижорат ҳамкорлари ҳақида хабар бермоқда (Хитойнинг “Синхуа” ахборот агентлиги маълумоти). Ташкилий қўмита улардан олинган даромадни ўзида сақлаб қолади. Бунда Олимпия ҳаракатининг 14 та халқаро ҳомийлари (Coca-Cola, Intel, Alibaba, Toyota, Panasonic ва бошқалар) ҳисобга олинмайди, улар ХОҚ ва бир вақтнинг ўзида бир нечта Олимпия циклларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. АҚШ ҳукумати Хитойдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар туфайли Ўйинларни дипломатик бойкот қилганига қарамай, Америка компаниялари ХОҚ орқали Пекин Олимпиадасига ҳомийлик қилишда давом этмоқда.

Олимпиаданинг 45 маҳаллий ҳомийлари орасида Хитойнинг “Sinopec” ва CNPC нефть-газ корпорациялари, Хитойнинг давлат электр тармоғи корпорацияси ва “China Threе Gorges” корпорацияси, “Yum China” фаст-фуд тармоғи, шунингдек, бир нечта Ғарб брендлари бор. Бироқ, Пекиндаги ташкилий қўмита маҳаллий ҳомийлардан қанча пул олганини ошкор қилмаган.

300 млн

2015 йилда қишки Олимпиада ўйинларини ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритгач, Хитой расмийлари мамлакатдаги 300 миллион кишини ҳаваскор ёки профессионал даражада қишки спорт турларига жалб этиш мақсадини эълон қилган эди. Жорий йил январь ойида Хитой Давлат статистика бюроси ушбу мақсадга эришилганини эълон қилди: сўнгги бир неча йил ичида 346 миллион хитойлик камида бир марта қишки спорт турлари билан шуғулланади.

Хитойдаги қишки спорт турларини тартибга солувчи органнинг маълумотларига кўра, 2021 йил охирида мамлакатда 803 та чанғи марказлари ва 654 та муз ареналари қурилган бўлса, 2015 йилда мос равишда 568 ва 157 та (ўсиш 41 ва 317 фоиз). Маҳаллий ҳукуматлар қишки ва муз спорти саноати 2025 йилга бориб 1 триллион юангга (тахм. 157 миллиард доллар) етишини кутмоқда. 2020 йилда Хитой қишки спорт бозорининг даромади 600 миллиард юангга (94 миллиард доллар) баҳоланди.

Олимпиада учун 1,2 миллион кубометр сунъий қор ишлаб чиқарилади

Пекиндаги мусобақа тарихда деярли бутунлай сунъий қорга таянадиган биринчи Олимпиада бўлади, чунки минтақада табиий қор жуда кам. Ташкилотчиларнинг хабар беришича, фақатгина Янсин шаҳридаги чанғи маркази учун 1,2 миллион кубометр сунъий қор керак бўлади (қор мусобақалари Чжанцякоуда ҳам ўтказилади, Пекинда эса асосан ёпиқ муз тадбирлари бўлади). Таққослаш учун, 2014 йилги Сочи Олимпиадасида 80 фоиз сунъий қорга таянилган.

Қор ишлаб чиқариш учун Пекин 2021 йил ноябрь ойида ишга туширилган Италиянинг TechnoAlpin компаниясидан ускуналар сотиб олди. Тахминларга кўра, зарур миқдорда қор ҳосил қилиш учун ташкилотчиларга тахминан 223 миллион литр сув керак бўлади, бу эса эколог ва экспертларнинг танқидига сабаб бўлди. Европада сунъий қор ишлаб чиқариш нархи бир кубометр учун 3 евродан 7 еврогача туради. Аммо Хитойда харажат анча паст бўлиши мумкин. Олимпиада учун зарур бўлган барча қорларни ишлаб чиқариш харажатларини 600-700 минг долларга баҳоланди.

288 кун

2021 йилда Пекинда шунча вақт тоза ҳаво куни қайд этилди.

Хитой ҳукумати Олимпия ўйинларини “яшил ва тоза” ўтказишга ваъда берди. Хусусан, ташкилотчилар Ўйинларда спорт инфратузилмаси бутунлай қайта тикланадиган энергиядан фойдаланилиши таъкидланди. Хитой, шунингдек, Олимпиада ўйинларига қадар Пекиндаги ҳаво сифатини яхшилашга ваъда берди, бунинг учун маҳаллий ҳукуматлар саноат, транспорт ва маиший манбалардан ифлосланишни камайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди.

2021 йил Пекинда тутун пайдо бўлишига олиб келадиган майда заррачаларнинг ўртача концентрацияси ўлчовлар бошланган 2013 йилдан бери энг паст даражага тушди, дея хабар беради Хитой расмий матбуоти. Йил давомида Пекин маъмурияти “ҳаво сифати яхши” бўлган 288 кунни (2013 йилда атиги 176 кун бўлган) ва кучли ифлосланган атиги саккиз кунни ҳисоблаган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил февралида Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинлари кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарди. Хитойда уйғурларга нисбатан инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига қарши норозилик сифатида Буюк Британия, Австралия, АҚШ ва Канада сингари мамлакатлар ўз дипломатларини ушбу мамлакатга жўнатмаслигини маълум қилди.

АҚШ Конгресси компаниялардан Шинжонда ишлаб чиқарилган ҳар қандай товарда мажбурий меҳнат қўлланилмаганини исботлашни талаб қиладиган қонунни маъқуллади. Чунки Қўшма Штатлар Хитой ҳукуматини Шинжондаги асосий аҳоли қатлами бўлган уйғурларни геноцид қилишда айбдор деб топган. 

Қонун лойиҳаси Шинжонда бизнес билан шуғулланувчи йирик компаниялар, жумладан Cоcа-Cола, Nike ва Apple томонидан танқид қилинди.

Шунингдек, Шарқий Туркистонда Хитой ҳукумати томонидан олиб борилаётган тизимли босим ва ассимиляция сиёсатини ўрганиш мақсадида Буюк Британия пойтахти Лондонда ташкил этилган “Уйғур суди” Хитой ҳукуматини уйғур турклари ва бошқа миллий озчиликларни геноцид қилишда айбдор деб топди. Ҳукм жорий йилнинг 9 декабрь – Халқаро геноциднинг олдини олиш кунида эълон қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Олимпиада Пекин-2022

Баҳолаганлар

140

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг