Мирзиёев янги тайинланган хорижий элчиларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 30 август куни Ўзбекистонга янги тайинланган хорижий элчилар Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, маросимда давлат раҳбари Хитой Халқ Республикаси элчиси Юй Цзюнь, Малайзия элчиси Илҳом Туа Бин Илёс, Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт, Туркманистон элчиси Шодурди Мередов ва Бангладеш Халқ Республикаси элчиси Муҳаммад Монирул Исломдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган. 

Президент хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг янги тайинланган раҳбарларини Ўзбекистондаги фаолияти расман бошлангани билан қутлаган ва мазкур маросим Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида ўтказилаётгани рамзий маънога эгалигини айтиб ўтган.

Шавкат Мирзиёев дунёда геосиёсий кескинлик кучайиб, ўзаро ишонч сусайиб бораётган, турли минтақаларда янги низо ўчоқлари вужудга келиб, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга таҳдидлар ортаётган шароитда Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритаётганини маълум қилган.

“Жаҳондаги барча мамлакатлар билан ўзаро ҳурмат ва амалий ҳамкорликка асосланган муносабатлар тизимли ривожланмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар билан кўп томонлама шериклик мустаҳкамланмоқда”, дейди давлат раҳбари.

Президент янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги даражага олиб чиқишга доир муҳим масалаларга эътибор қаратган. У Хитойдан янги тайинланган элчига мурожаат қилар экан, Пекин мамлакатнинг ишончли ва вақт билан синалган дўстларидан бири экани, у билан муносабатлар кейинги йилларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этган.

“Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпин жанобларининг бир йил аввал мамлакатимизга амалга оширган тарихий давлат ташрифи ҳамда жорий йил май ойида Сиан шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммити доирасидаги самарали учрашувимиз икки томонлама муносабатларга кучли суръат бағишлади”, деган Ўзбекистон етакчиси.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўзаро савдони кўпайтириш, Хитойнинг етакчи компаниялари билан юқори технологиялар ва инновациялар борасидаги шерикликни кенгайтириш, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергетика, илғор саноат ва инфратузилма, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармасевтика бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни рўёбга чиқариш, фан-таълим ва маданий алмашинувларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган.

Шу йилнинг октябрь ойида Хитойда бўлажак “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми доирасида олий даражали учрашув ўтказилиши режалаштирилгани маълум қилинган.

Шунингдек, Мирзиёев Малайзия элчисидан ёрлиқларни қабул қилиб олиш жараёнида малакат Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим ҳамкори эканини қайд этган.

“Муносабатларимиз ўзаро ҳурмат ва анъанавий дўстлик тамойиллари асосида изчил ривожланмоқда. Давлатларимизнинг долзарб глобал ва минтақавий масалаларга доир қарашлари ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқин”, деган Ўзбекистон Президенти.

Тадбир давомида электроника ва электротехника, ахборот технологиялари, озиқ-овқат саноати, туризм, таълим ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, Малайзиянинг етакчи компаниялари, айниқса, нефт-кимё корхоналари билан шериклик алоқаларини кенгайтириш муҳимлиги айтиб ўтилган.

Кейинги йилларда мамлакатлар ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган кенг алоқалар йўлга қўйилиб, барқарор ривожланаётгани, янги лойиҳалар ва аниқ дастурлар билан бойиётгани ҳамда парламентлар, суд идоралари, адлия, таълим ва молия вазирликлари ўртасидаги шериклик кенгайиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Ўзбекистон ва Буюк Британия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйилгани, иқтисодий йўналишда ўзаро савдо ҳажми юқори суръат билан кўпаяётгани қайд этилган. 

Ўзбекистон раҳбари мамлакат инвестисиялар ва инновациялар соҳасидаги ишга солинмаган улкан салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқаришдан манфаатдор эканини қайд этиб, банк иши ва молия, рақамли иқтисодиёт, “яшил” энергетика, геология, кимё ва бошқа устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирган.

Шу билан бирга, тили, дини ва урф-одатлари муштарак бўлган Туркманистон Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси, кўп асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган дўсти экани таъкидланган. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда барча йўналишларда – сиёсат, парламентлараро алоқалар, савдо ва иқтисодиёт, транспорт, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалигида, маданий-гуманитар соҳада янги даражага кўтарилгани қайд этилган.

Ўзбекистон Президентининг Ашхободга яқиндаги ташрифи, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан сермаҳсул музокаралар стратегик шерикликнинг янада чуқурлашишига хизмат қилгани айтилган.

“Биз савдо алоқаларини кенгайтириш, иқтисодий соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш, юк ташиш ва транзит ҳажмини кўпайтириш учун улкан салоҳиятга эгамиз”, деган Мирзиёев.

Бангладеш Халқ Республикаси элчисидан ишонч ёрлиқлари қабул қилиб олиниш пайтида мамлакатнинг Жанубий Осиё ва бутун ислом оламида тез ривожланаётган давлатлиги ҳамда икки мамлакат ўртасидаги мулоқотлар фаоллашгани айтиб ўтилган.

Сиёсий ва савдо-иқтисодий йўналишларда “йўл хариталари” қабул қилинган. Тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармасевтика, туризм тармоқларида шерикликни кенгайтириш, янги инвестисия лойиҳалари ва қўшма дастурларни амалга ошириш истиқболлари белгилаб олинган.

Маросим якунида Ўзбекистон Президенти элчиларга масъулиятли ва шарафли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларни янада юксалтириш учун фаолроқ ишлаш ва ҳудудларимизга кўпроқ боришга чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент элчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг