Мирзиёев янги поездда Урганчдан Хивага борди
Жамият
−
01 Май
10671Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 1 май куни Хоразм вилоятига ташрифи доирасида янги поездда жамоатчилик билан бирга Урганчдан Хивага борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган вагонлар ва Урганч-Хива электрлаштирилган темирйўлини кўздан кечирди.
Маълумки, бугунги кунда 465 километрлик “Бухоро-Урганч-Хива” темирйўли электрлаштирилиб, ҳимоя тўсиқлари ўрнатилган ва зарур иншоотлар қурилган. Бу йўналиш учун Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компаниясидан юқори тезликдаги 6 та электропоезд харид қилиниб, келгуси йилдан “Жалолиддин Мангуберди” номи остида Тошкент-Хива йўналишига қўйилади.
Натижада йилига 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилади. Ҳозирда Тошкентдан Хивага 14 соатда етиб борадиган поезд мазкур йўналишда ҳаракатга қўйиладиган электропоезд имкониятлари туфайли 7 соат 40 дақиқада етиб боради.
Шунингдек, юк поездлари ўтказувчанлиги қарийб 6 миллион тоннага етади. Ҳозир бу кўрсаткич 1 миллион тонна.
Қайд этилишича, Президентнинг 2023 йил 10 октябрдаги темирйўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарори асосида вагонсозлик тармоғи ҳам мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллари йўловчи вагонлари ишлаб чиқариш учун йўналтирилган. Жорий йил биринчи чоракда дастлабки 10 та йўловчи вагони қуриб битказилган. Давлат раҳбари улардаги қулайликларни кўздан кечирди.
Билдирилишича, келгуси икки йилда йўловчи вагонлари сони 70 тага кўпайтирилиб, эски турдагиларидан босқичма-босқич воз кечилади. Натижада йилига бир миллион нафардан ортиқ қўшимча йўловчини ташиш имконияти яратилади.
Президент ушбу янги поездда жамоатчилик билан бирга Урганчдан Хивага борди. Йўл бўйлаб жойлардаги ободончилик, дала четларида экилган кўчатларни кузатиб борди.
Вилоятда ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 10 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилган. Йирик саноат корхоналари томонидан “яшил белбоғ”лар барпо этилган.
Маълум қилинишича, бу йил эрта баҳорда ҳам зироатчилик кўлами кенгайган. Вилоятдаги 1 минг 100 гектардан зиёд дала четлари ва каналлар атрофидаги майдонларга даромадли маҳсулотлар экилган. Уларни кафолатли харид қилишга тадбиркорлар бириктирилган. “Agroko‘makchi” мобил иловаси орқали дала четлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка етказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Президент Шавкат Мирзиёев Хонқа туманидаги “Собиржон Юсуф” оилавий фермер хўжалиги даласида бўлган ва фермер хўжалигининг 73 ёшли раҳбари Ойимжон Отажоновани “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони билан мукофотлаганди.
LiveБарчаси