Мирзиёев янги маслаҳатчиси Чакрабарти билан нималарни муҳокама қилди?

Жамият

image

Жорий йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ раҳбари Сума Чакрабарти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун, 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маслаҳатчи лавозимига тайинланган Сума Чакрабартини қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистонда ислоҳотлар дастурини узоқ муддатли истиқболда давом эттиришнинг стратегик йўналишлари кўриб чиқилган.

Президент Матбуот хизматига кўра, учрашувда чуқур ва ҳар томонлама таҳлил асосида, илғор халқаро амалиёт ва тажрибани ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва янгиланишларни самарали давом эттиришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. 

Хусусан, мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларини модернизация қилиш ва рақобатдошлигини ошириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва бошқарув кадрлари сифатини тубдан ошириш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилган. 

Аввалроқ, Сума Чакрабарти Қозоғистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича штатдан ташқари маслаҳатчиси этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, Сума Чакрабарти 8 йил давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банкига раҳбарлик қилган. У “Trend” нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон иқтисоди жуда яхши ривожланаётганини ва бу йилига 5-6 фоизни ташкил этаётганини айтиб ўтганди.

Чакрабартининг таъкидлашича, Жаҳон банкининг "Иш юритиш қулайлиги" сўнгги ҳисоботида, Ўзбекистон охирги ўн икки ой ичида ишбилармонлик муҳити энг яхшиланган йигирма мамлакат қаторига киритилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабартини "Дўстлик" ордени билан мукофотлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабарти

Баҳолаганлар

198

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг