Мирзиёев аҳоли жон бошига ЯИМни 4 минг долларга оширмоқчи
Жамият
−
30 Май 2023
15411ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилишини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёевнинг дастурида келтирилишича, 2030 йилга бориб иқтисодиёт 2 баробарга оширилиб, 160 миллиард долларга етказилади, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми эса ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилади. Бунинг натижасида, Ўзбекистон “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киради.
Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан бирга, умумий қиймати 115 миллиард доллар бўлган йирик лойиҳалар бошлангани, кейинги йилларда стратегик мега-лойиҳалар ишга туширилиши қайд этилган. Хусусан:
- Олмалиқда 3 та мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводи;
- Оҳангарон мисни қайта ишлаш кластери;
- Навоий, Қўнғирот ва Қоракўлда йирик кимё-полимер кластерлари;
- Тошкент ва Навоий вилоятларида фосфорит хом ашёсидан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси;
- Тебинбулоқ ва Ғаллаоролда темир ишлаб чиқариш мажмуалари иш бошлайди.
Натижада 2030 йилгача юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқариш – 3,5 баробар (500 минг тоннага), олтин – 1,5 карра (155 тонна), кумуш – 3 марта (500 тонна), уран – 3 баробар (10 минг тонна) оширилади. Мамлакатимиз тарихида илк бор алюминий, литий, пўлат, графит ишлаб чиқариш бошланади.