Мирзиёев “Ягона Хитой” сиёсати борасидаги позиция ўзгармас эканини тасдиқлади

Жамият

image
Ўзбекистон “Ягона Хитой” тамойилини қўллаб-қувватлашини билдирди north_east

Ўзбекистон “Ягона Хитой” тамойилини қўллаб-қувватлашини билдирди

Бугун, 24 январь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида Президент Шавкат Мирзиёев Хитой етакчисига ташриф билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик ҳамда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг юксак эътирофи учун миннатдорлик билдирган.

“Давлат раҳбарлари кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар ривожида кучли суръатга эришилганини таъкидладилар. Барча даражаларда алоқалар фаоллашиб, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатлар муҳим масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон Президенти ХХР Раисига камбағалликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликка шахсан эътибор қараётгани ва қўллаб-қувватлаётгани учун ташаккур билдирди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистонда Хитойнинг “Лу Бань устахонаси” профессионал таълим тизимини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳа бошланганини олқишлади.

Етакчилар инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олди.

Шу маънода, ўтган йил охирида Ўзбекистонда Хитой компаниялари иштирокида қуввати 1000 мегаваттлик иккита янги қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилгани қайд этилди.

Хитойнинг етакчи банклари, “Ипак йўли” фонди ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги даражаси юқори баҳоланди.

Мирзиёев инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситаларини кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш борасида келишувларга эришилганини, шунингдек, Хитой Эксимбанкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё учун минтақавий офис очиш қарорини олқишлади.

У хитойлик шерикларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.

Шу билан бирга, етакчилар ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганига мамнуният билдирди. Бу борадаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгашини тузишга келишиб олди.

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темирйўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳим экани таъкидланди. Куни кеча Пекинда биринчи таълим форуми, Шанхайда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари кўргазмаси муваффақиятли ўтгани қайд этилди. Шу кунларда ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасидаги тадбирлар Хитой пойтахти аҳолиси ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, музокаралар давомида таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Қўшма Ёшлар инновация форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Билдирилишича, режалаштирилган барча тадбирлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида томонлар Ҳукуматлараро қўмита ва унинг барча кичик қўмиталари йиғилишларини жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказишга аҳдлашиб олган.

Бундан ташқари, минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу ўринда, “Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди.

Музокаралар якунида Мирзиёев ХХР раҳбарини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди ҳамда Хитой халқининг яқинлашиб келаётган хитойча Янги йил – “Чунь Цзе” байрами билан табриклади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Хитой Си Цзиньпин Пекин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг